Куни кеча ижтимоий тармоқларда уйи мажбурий "снос"га тушган фуқаронинг норозилиги акс этган видео тарқалди.
Айни вақтда Тошкент шаҳар ҳокимлиги берган маълумотга кўра, аслида улар билан бир неча маротаба келишувга эришишга ҳаракат қилинган.
Қайд этилишича, фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг 2022 йил 13 июнь куни ўтказилган суд жараёни якунига кўра, мазкур хонадонда истиқомат қилувчи фуқаро Бахтиёр Тўхтамуродовга тегишли бўлган 400 кв.м. ер майдонида жойлашган бино 702 миллион 26 минг сўм миқдоридаги компенсация тўлаш шарти билан мулкдор ҳисобидан бузилиши белгиланган.
Судгача бўлган тартибда, ушбу хонадон эгаларини рози қилиш мақсадида бузилишга инвесторлар жалб қилиниб, улар томонидан 880 миллион сўм ва 1 та 3 хонали кўп квартирали уй, жами 1 миллиард 265 миллион сўм пул, компенсация миқдоридан 563 миллион сўм ортиқча пул маблағлари таклиф қилинган. Бироқ, фуқаро таклиф қилинаётган пул маблағларига рози бўлмаган ва ҳокимлик томонидан уй-жойни йўл учун керак бўлган 2-3 метр қисмини бузиш бўйича судга даъво аризаси киритилган.
"Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон Қарори билан тасдиқланган “Ер участкаларини олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 43-бандига кўра, ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда, компенсация ҳокимликлар томонидан тегишли марказлаштирилган жамғарма маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига тўланади.
Мазкур Низомнинг 47-бандига кўра, олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларнинг 75 фоизидан ёзма розилиги олинганида (келишув тузилганда), бироқ бошқа мулкдорларнинг розилигини олиш имкони бўлмаганда (келишувга эришилмаганда) ташаббускор уларнинг кўчмас мулк объектларини мажбурий сотиб олиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Бунда, розилик бермаган (келишувга эришилмаган) мулкдорларга бериладиган компенсация миқдори, турлари ва муддати суд тартибида белгиланади.
Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг 2022 йил 13 июнь кунидаги ҳал қилув қарорига асосан иш юритаётган МИБ Тошкент туман бўлими ходимига нисбатан Файзиобод маҳалласи, Келес йўли кўчаси 3А уйда истиқомат қилувчи фуқаро ва унинг қариндош-уруғлари томонидан босим ўтказилган ва фуқаролар ўзларини ҳар кўйга солиб, норозилик уюштирган ҳамда видеоларни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган",-дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ҳозирги кунда мутасадди раҳбарлар фуқаролар рози бўлмаган тақдирда йўл қисмини кенгайтиришга керак бўлган уй-жойлар бузилмаслигини билдириб, Тошкент тумани марказининг Бош режасига ўзгартириш киритиш бўйича юқори турувчи инстанцияларга расмий хат билан мурожаат қилиш чора-тадбирларини амалга оширмоқдалар.
Маълум қилинишича, жами Келес йўли кўчасида 100дан ортиқ хонадон бузилишга тушган бўлса, шулардан бир нечтасигина мулк нархидан анча юқори бўлган катта пул миқдорини сўраётганлиги сабабли улар билан муросага келишнинг имкони бўлмаяпти.






