Бугун Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлди. Унда депутатлар “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.
Таъкидланишича, мазкур қонун лойиҳаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақти ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланаётганида стажга қўшиб ҳисобланади. Бунда, ногиронлик пенсияси олаётган фуқаро пенсия ёшига етганда ёки боқувчисини йўқотганда ногиронлик пенсиясини олишни давом эттирса (бошқа пенсия турига ўтмаса) I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақтини қўшиб ногиронлик пенсияси қайта ҳисобланмайди.
Қонун лойиҳаси билан 2023 йил 1 январдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга пенсия тайинлангандан кейин камида 1 йил иш стажига эга бўлса, иш стажи ва иш ҳақини ҳисобга олган ҳолда ҳамда келгусида ҳар 2 йилда ногиронлик пенсия миқдорларини қайта ҳисоблаш амалиёти жорий этилади.
Депутатларнинг таъкидлашича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши амалиётда қўллашда юзага келаётган турли хил ёндашувларнинг олдини олиш, коррупциоген факторларни келтириб чиқарувчи ҳолатларга барҳам бериш, ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадини оширишга хизмат қилади.






