Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов эканлиги айтилган ҳақоратларга тўла суҳбатнинг аудиоёзуви тарқалди.
Аудиодан маълум бўлишича, туман прокуратураси давлат бюджетини талон-торож қилишда гумонланган қайсидир раҳбарни сўроқ қилиш учун терговга жалб қилган.
Бундан норози бўлган вилоят ҳокимига прокурор бўш келмагач, уни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қила бошлаган. Ҳуқуқ ҳимоячиси ҳам бўш келмай, ҳокимга "муносиб" жавоб қайтарган.
Бош прокуратура ушбу аудиоёзувнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилаётганлигини таъкидламоқда.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ушбу ҳолат бўйича дастлабки маълумот сифатида қуйидагиларни маълум қилди.
Таъкидланишича, аудиоматериал жорий йилнинг февраль ойида ҳокимлик соатида бўлиб ўтган муҳокамадан кесиб олиниб, бошқача талқин қилинган.
" Асл ҳолатда йиғилишда кун тартибига қўйилган масалалар муҳокамаси жараёнида вилоят раҳбари Ангор тумани сектор раҳбарларидан туманнинг инвестиция, экспорт ва солиқ тушумлари бўйича йўл қўйган хато ва камчиликларини танқидий муҳокама қилиб, танбеҳ берган. Шу жумладан, туман прокурорига ҳам. Мазкур йиғилиш танқидий руҳда ўтганлиги сабабли вилоят ҳокими асабий ҳолатда гапиришга мажбур бўлган.
Агар ушбу йиғилиш жараёнидан кесиб олиниб монтаж қилинган ва турлича талқин этилаётган аудиоматериалдаги ҳолатлар ўрганиш натижасида қонунга хилоф деб топилса, қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилишига тайёрлигини маълум қиламиз", – дейилади вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати баёнотида.






