АсосийJamiyat

Йўл қоидасини бузганларни ва чек бермаганларни сотаётганлар... Жамият зиддиятга имкон берувчи ғоялардан воз кечиши шарт!

'Йўл қоидасини бузганларни ва чек бермаганларни сотаётганлар... Жамият зиддиятга имкон берувчи ғоялардан воз кечиши шарт!'ning rasmi

Икки йил аввал йўл ҳаракати қоидаларини бузганлар ҳақида хабар берганлар мавзуси авжига чиққан, улар “терпила”дан тортиб “ҳаромхўр”гача аталган, бундай йўл билан топган пуллари бўйича баҳслар бўлиб ўтган, ҳатто фатволар топиб кўрсатилган эди. Бугунги кунда тадбиркорлар чек бермаслиги ортидан солиққа шикоят киритиб, тушган жариманинг маълум қисмини олиш масаласи диққат марказига чиқди. Ҳамма “козёл”ларни ёмонлай бошлади, самосудлар кўпайди.

Аслида ҳар икки томон шу юртнинг фарзанди. Кимдир чек бермаганнинг устидан ёзиб, машинасини миниб кетаркан, ўзи ҳам қоида бузгани учун “терпила” видеосига тушиши ва жаримага тортилиши мумкин. Яъни аҳолининг фаол қатлами ё тадбиркор, ё ҳайдовчи ва ёки истеъмолчи. Хабар бериш (аниқроғи чақимчилик қилиш) ва бунинг ортидан манфаатдор бўлиш имконияти ҳаммада бор ва энди борган сари ошиб бораверади.

Арзимаган талаб учун тан жароҳати

Kun.uz мухбири Аббос Салайдинов махсус чек сўрагани учун калтак еди, таҳдидларга учради. Бир қарашда арзимаган талаб учун енгил бўлса-да, тан жароҳати олди. Лекин бундай вазиятга олиб келган омиллар, сотувчининг аламли реакциясини туғдирган сабаблар ҳам борлиги кундек равшан. Кимдир 10 минг сўмга харид қилиши ва савдо нуқтасини бир неча миллионга жаримага торттириши мумкин. Тадбиркорнинг қилган фойдаси қанчаю, бир ойда тўлаш эҳтимоли бўлган жарималари қанча?

Дарҳол жавоб берасиз – чекни берсин, қонуний ишласин! 

Ҳамма қонуний ишлаши керак, аммо...

Албатта, ҳамма ҳам қонуний ишлаши керак, хусусан тадбиркор ҳам. Хўш, бизда қайси тизим мутлақ шаффофликка эришиб бўлибдики, энди тадбиркорлардан буни талаб қила оламиз ва бу қадар нореал жарималар қўллаймиз? Электр токи бот-бот узилиб турадиган, барқарор интернет ҳали орзу бўлган қанча ҳудудларимиз бўлатуриб, тадбиркордан бу қадар адолат кутишимиз ўринлими?!

Президент рўйхушлик бермаган ғоя...

Бу борада Солиқ қўмитаси раҳбарияти янада илгарилаб кетишни мақсад қилган, тортилган жариманинг 20 фоизи хабар берган истеъмолчига берилиши билан бирга солиқ инспекторига ҳам маълум маънода улуш ажратиш концепциясини Президентга тақдим этишганди.

Лекин давлат раҳбари бу ғояга рўйхушлик бермаган, “Мен тадбиркорларни энди-энди оёққа қўйяпман” дея ғояни қайта ўйлаб кўриш тавсияси билан рад этганди. Агар бу ҳам амалга ошса, яъни чақимчилик ортидан ҳам хабар берган, ҳам солиқчи манфаатдор бўладиган тизим яратилса, жамиятда қанчалик зиддиятлар пайдо бўлишини, самосудлар урчишини, давлатга нисбатан ишонч қай даражада сўнишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Ғоя талаби жуда юқори: кимлар “яшаб” кета олади?

Бу янгилик талаби жуда юқори – ҳар қандай савдо нуқтаси тўловнинг мукаммал тизимига эга бўлиши лозим. Камера, контактли нарх аниқлагич, компьютерли ҳисоблаш тизими ва ниҳоят замонавий тўлов терминали. Сўнгги бир неча йилнинг ўзидаёқ чек машинасидан тортиб тўлов терминаллари бир неча марта ўзгаргани кичик дўконларга қанчалик зарар келтирган бўлса, бу янги талаблар уларнинг катта қисмини бутунлай барбод қилиб, фақат йирик савдо нуқталаригина яшаб кетиши мумкин. Яъни ўз қўлимиз билан кичик тадбиркорликни йўқотиб, ҳудудий монополияларга замин яратамиз. Аҳолининг катта қисми қишлоқ шароитида яшаши, туманларда ҳам, маҳаллаларда ҳам савдо асосан кичик дўконларда ва насияга кечадиган бугунги кунда бунинг деярли иложи йўқ.

Сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган йўллар борми?

Бир қарашда ҳаммаси қонунга мувофиқ, жамоатчилик назорати зарур. Аммо бу жамоатчилик назоратига фуқаролар ўртасига нифоқ солиш орқали эришиш қай даражада ўзини оқлайди? Бордию ҳеч иложи бўлмаса, давлат назоратни шундай чораларсиз амалга ошира олмаса, сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган йўлларни қидириш лозим:

1. Қоида бузиш, чек бермаслик каби ҳолатлар ҳақида хабар берилганда хабар берувчи бевосита моддий манфаатдор бўлмасин. Яъни унга ажратилган улуш ўзига берилмасдан, танловга кўра хайрия мақсадларида, таълим ёки атроф-муҳитни ҳимоя қилиш каби лойиҳаларга ўтказилсин. Тўғри, ҳозир ҳам бундай имконият қисман бор. Лекин у пул ишлаганнинг хоҳишига кўра, яъни ихтиёрий;

2. Махсус чек бермаслик ҳолатларида жарима харид қийматига мутаносиб бўлсин. Масалан, 20 минг сўмлик нарса сотиб, 2,5 млн. сўм жарима тўлаш ҳар қандай тадбиркорни нафақат синдиради, балки умуман давлатга ишончсизлигини оширади. Бундай чоралардан кўзланган пировард мақсад – хуфёна иқтисодга қарши кураш тескари самара беради. Яъни тадбиркор бу харажатни қоплаш учун ўша хуфёна қисмга зўр беришга мажбур бўлади;

3. Жаримага тортишгина самарали ҳисобланар экан, бунда ҳам прогрессив шкала тизимида ишлаш мақсадга мувофиқ. Яъни қоидабузар ҳам, чек бермаган тадбиркор ҳам ҳар бир ҳолат учун бир хил эмас, шундай ҳолатлар сони ошиб боришига кўра жазоланиши мақсадга мувофиқ. Йўл қоидасида бу қисман бор, энди солиқ назоратида ҳам бу йўлга қўйилиб, аввал огоҳлантириш, кейин кичик жарима ва ниҳоят ҳақиқий жарима қўллаш усуллари билан ўргатиб бориш лозим. Токи тадбиркор бугунги шок ҳолатига тушмасин.

Энг муҳими – жамият одамларни тенг иккига айириб юборадиган ғояларни татбиқ этишга эҳтиёт бўлмоғи шарт. Чунки ҳамма томонлар битта давлат фуқаролари. Куйган ҳам, куйдирган ҳам, “козёл”у “терпила” ҳам шу жамиятдан узилиб кета олмайди. Улар орасига зиддият солиш имконияти тўқнашувлар, самосудлар ва ҳатто ҳаётга қасд қилишгача бўлган оғир жиноятларга етаклаши ҳеч гап эмас. Ҳозир кўраётганларимиз илк муждалар...

Аброр ЗОҲИДОВ, "Даракчи" газетаси, 2022 йил 21 апрель, 16-сон

    Бошқа янгиликлар