ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан амалга оширилган тезкор тадбир давомида Музработ туманида яшовчи А.А.нинг “Redmi 6 А” русумли телефон аппарати кўздан кечирилган.
Текширувда “Телеграм” ижтимоий тармоғида унинг шахсий телефон рақамига очилган профилига хорижий давлатга тегишли рақам фойдаланувчиси ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси С.А.дан Шайх Обидхон қорининг “Олимларимизни ҳимоя қилайлик”, Муҳаммад Рафиқ қорининг “Исломий сиёсат ва халифалик нима?” ва Рашод қорининг “Халифалик ҳақида” номли маърузалари келгани аниқланди. Бу видеоматериалларни у бошқаларга ҳам тарқатгани маълум бўлди.
Ушбу маърузалар DVD+R дискига кўчириб олиниб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага юборилди.
Қўмитанинг хулосасига кўра, ушбу видеоматериаллар амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга қаратилган, уларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш ва тарқатиш тақиқланган.
Давлат тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга хизмат қиладиган ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159 ва 244-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






