АсосийJamiyat

Автомобиль йўллари қўмитаси раиси ва Андижон шаҳри ҳокими огоҳлантирилди

'Автомобиль йўллари қўмитаси раиси ва Андижон шаҳри ҳокими огоҳлантирилди'ning rasmi

Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги Раёсат мажлиси ўтказилди.  Унда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг масъулияти тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинган.

Таъкидланишича, деярли барча вилоятлар ҳокимликлари (Жиззах вилоятидан ташқари) веб-сайтида долзарб бўлган очиқ маълумотлар ва жамоатчиликни алоҳида қизиқтирадиган мавзулар бир ойдан уч ойгача янгиланмаган.

Шунингдек, ўрганилган 204 та туман ва шаҳар ҳокимликларининг 35 тасида расмий веб-сайти ишламайди. 

Жумладан, Андижон вилоятининг Асака, Бўстон, Булоқбоши, Шаҳрихон, Қўрғонтепа, Хўжаобод, Избоскан, Пахтаобод туманлари ва Хонобод шаҳри, Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Миробод, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Шайхонтоҳур, Яккасарой, Юнусобод, Бектемир туманлари, Сирдарё вилоятининг Гулистон, Янгиер шаҳарлари, Мирзаобод ва Ховос туманлари, Қашқадарё вилоятининг Қамаши, Миришкор, Нишон туманлари, Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус, Тўрткўл, Тахиатош туманлари, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ва Қўшкўпир тумани, Сурхондарё вилоятининг Денов, Сариосиё туманлари, Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳри, Самарқанд вилоятининг Самарқанд тумани, Наманган вилоятининг Наманган шаҳри, Бухоро вилоятининг Бухоро тумани ҳокимлиги сайтлари ана шундай аҳволда.

 Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликларида матбуот котиби лавозими вакант. Ҳудудларда ахборот хизматларига қўшимча штатлар ажратилмаганлиги сабабли ўтказилаётган тадбирлар, янгиликлар тезкорлик билан сифатли ёритилмаётир.

Мажлисда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбариятига тизимда очиқлик сиёсати қониқарсизлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлигига Гулистон, Янгиер шаҳарлари, Боёвут, Сайхунобод, Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманлари ҳокимликларида ахборот хизмати фаолияти яхши ташкил этилмаганлиги кўрсатиб ўтилди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати юзасидан ишларни етарли ташкил этмагани, ОАВ ва жамоатчилик билан алоқаларни тизимли йўлга қўймагани учун Автомобиль йўллари қўмитаси раиси А.Абдувалиев ва Андижон шаҳри ҳокими Б.Ҳайдаров огоҳлантирилди.

Барча вазирликлар ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларига Қонун ва қарор ижросига қаратилган манзилли чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаб, амалга ошириш вазифаси қўйилди.

Муҳокама якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг баёни қабул қилинди.

 

    Бошқа янгиликлар