АсосийJamiyat

Умра нархи яна оширилиши кутилмоқда

'Умра нархи яна оширилиши кутилмоқда'ning rasmi

Саудия Арабистони ҳукумати томонидан барча йирик мусулмон мамлакатларига Умра зиёратини ташкил этишга рухсат берилиши ортидан подшоҳликдаги барча сервисларга талаб ошди. Бу ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Рамазон ойида ташкил этиладиган Умра тадбирлари нарх-навосига ҳам таъсир кўрсатади. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси маълум қилди.

Жорий йилнинг 17 март ҳолатига кўра, 21 мингдан ортиқ зиёратчи Саудия Арабистонига жўнатилиб, улардан 16 минг нафардан зиёдроғи Умра амалларини тўлиқ адо этиб, Ўзбекистонга қайтиб келган. Ҳозирда 5 минг 600 нафарга яқин зиёратчи Саудия Арабистонида Умра зиёратларини амалга оширмоқда.

Бугунки кунга келиб, Саудия Арабистонида COVID-19 пандемияси билан боғлиқ ўрнатилган карантин талаблари юмшатилиб, подшоҳликка ПЦР тест жавобисиз кириш ҳамда оралиқ масофани сақлаш тартиби бекор қилинган. Шунингдек, 5 мартдан бошлаб ўзбекистонлик зиёратчилардан ҳам ПЦР тести талаб этилмайди.

Саудия Арабистони ҳукумати томонидан барча давлатлар, хусусан, Туркия, Малайзия, Индонезия, Эрон ва Миср каби йирик мусулмон мамлакатларига Умра зиёратини ташкил этишга рухсат берилди.

“Бу, ўз навбатида, ҳозирги кунда Саудия Арабистонида меҳмонхона ва бошқа турдаги сервисларга талаб ошишига, хусусан, Рамазон ойида ташкил этиладиган Умра тадбирларининг нарх-навосига ҳам таъсир кўрсатишига сабаб бўлади”, дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар