АсосийJamiyat

"Юздан ортиқ хонадонга сув кириб борган". ФВВ Сирдарёдаги сув тошқини бўйича маълумот берди

'"Юздан ортиқ хонадонга сув кириб борган". ФВВ Сирдарёдаги сув тошқини бўйича маълумот берди'ning rasmi

Сал аввал Сирдарё вилоятида аҳоли яшаш пунктларини сув босгани ҳақида хабар берилган эди. 

Айни пайтда ФВВ Матбуот хизмати хабар беришича, юзага келаётган сурункали ёғингарчиликлар туфайли Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги хўжаликлараро коллекторининг Бахт шаҳарчаси ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида сув сатҳининг меъёридан ошиб кетиши кузатилди.

Натижада қишлоқ хўжалигининг шудгор ерларига, маҳаллалар ва аҳоли яшаш хонадонларига, хусусан, Бахт шаҳри “Хазина” МФЙнинг “Хамиятли” кўчасида 21 та, “Тароватли” кўчасида 7 та, “Улуғ йўл” кўчасида 35 та, “Пешқадам” кўчасида 12 та, “Янги қурилиш” кўчасида 27 та хонадонга сув кирган.  

Зудлик билан вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида Бахт шаҳри ИИБда тезкор штаб ташкил этилиб, туман ҳокимлиги, ФВБ, ИИБ, МГ ходимлари ва маҳалла вакилларидан иборат 3 та ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ томонидан сув тошган хонадонлар аҳолисини хавфсиз ҳудудларга кўчириш ҳақида огоҳлантириш хатлари берилиб, “Хазина” МФЙдан 20 та хонадонда яшовчи 68 нафар фуқаро вақтинчалик яқин қариндошлари хонадонларига кўчирилди. Кўчирилган аҳоли учун тиббий ва бошқа таъминот тадбирлари ташкил этилди.

Юзага келган сув тошиш оқибатларини бартараф этиш учун вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Автойўл хизмати, Сув хўжалиги вазирлиги вилоят тузилмалари куч ва воситалари жалб қилинган.    

Шунингдек, воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазири бошчилигида Махсус вазифалар бўйича республика қутқарув марказидан қутқарувчилар етиб борган. Бундан ташқари,  Жиззах ва Тошкент вилоятлари ФВБларидан  қўшимча куч ва воситалар сафарбар этилиб, ҳозирда сувни чиқариш ишлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар