Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Нигора Ходжаева иштирокида ёғингарчиликнинг қишлоқ хўжалиги экинларига таъсири ҳақида брифинг бўлиб ўтди.
Ўзгидрометеорология хизмати маркази маълумотларига таяниб брифингда қайд этилишича, март ойининг илк ўн беш кунлигида кетма - кет ёғингарчиликлар бўлиши ҳисобига Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида 12-15 мм, Фарғона водийси вилоятларида 18-20 мм, республиканинг қолган ҳудудларида 20-40 мм, тоғли ва тоғолди ҳудудларда 50-60 мм дан ортиқроқ ёғингарчилик кузатилди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда давом этаётган ёғингарчилик қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштиришга, чорва учун табиий озуқа базасини етарли бўлишига замин яратади. Ўсимликка берилган азотли, фосфорли ва калийли минерал ўғитлар ҳам ёмғир кўп бўлганда яхшироқ сўрилади. Шунингдек, лалмикор ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги экинларини ўсиши ва ривожланишига ижобий таъсир этади.
Аҳамиятлиси, ғалла майдонларининг ҳар гектарига бир марта суғориш учун сарфланадиган 750-900 метр куб сув иқтисод қилинади. Бунинг ҳисобига сув омборларига йиллик истеъмол учун сув заҳиралари йиғилади.
Таъкидланишича, серёғинликнинг ҳам қатор зарарлари бор. Жумладан:
- озуқа етарли бўлмаган майдонларда ниҳолларнинг ривожи сусаяди, ҳатто сарғайиб кетиш эхтимоли мавжуд.
- эрта баҳорда ҳавонинг нисбий намлиги 60 фоиздан юқори бўлиб, ўртача кунлик ҳаво ҳарорати 7-15даража илиқ бўлганда, сариқ занг касаллиги, агар ушбу намликда ўртача кунлик ҳаво ҳарорати 15-25 даража бўлганда эса қўнғир занг касаллиги кенг тарқалишига шароит яратилади.
- Серёғин келган йилларда экинзорларда замбуруғли касалликлар кенг тарқалиши кўп йиллик тажрибаларда кузатилган.
Шунингдек, тупроқда намликнинг меъёрдан кўп тўпланиши пахта экиладиган майдонларда тупроқнинг намлик режимига ижобий таъсир кўрсатади. Айниқса, чигит экиш учун кузда шудгор қилиб қўйилган майдонларда ерда намлик заҳираси ошиб, чигитни тупроқнинг табиий намлигида ундириб олиш имконини беради.
Матбуот котиби изоҳига кўра, тинимсиз ҳар куни ёғаётган ёмғир бугунги кунда гуллаш фазасига кирган ўрик, шафтоли, бодом боғлари ҳосилдорлигига зарар етказмайди. Фақат чангланиш муддатини секинлаштириши мумкин.
Қолган мевали боғларимиз бугунги кунда гуллаш фазасида эмаслиги сабабли зарари кузатилмайди.
Фойдали томони охирги 2020- 2021 йилда янги барпо этилган 88 минг гектар мевали боғлар ва 75 минг гектар узумзорларга тупроқдаги намлик ҳисобига илдиз тизими яхши ривожланишига катта фойдаси бор. Айниқса лалми ерларда парваришланаётган боғларнинг ер ости сувларининг заҳираси таъминланади.
Фарида Эгамбердиева






