Президент Шавкат Мирзиёев раислигида саноат кооперациясини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилаётган видеоселектор йиғилиши айни пайтда давом этмоқда.
Йиғилишда саноат тармоқлари, йирик корхоналар билан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида “маҳсулотбай” кооперацияни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
2022 йил учун 4,4 трлн сўмлик кооперация шартномалари тузиш режалари мутлақо қониқарсиз эканлиги, буни 15 трлн сўмга етказиш бўйича барча имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Шунинг учун 1 июлга қадар жами 283 турдаги импорт қилинаётган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича тайёр бизнес-режаларни тадбиркорларга таклиф этиш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, саноат ярмаркалари фаолияти ҳам тубдан қайта кўриб чиқишга кўрсатма берилди.
Тайёр маҳсулотларга харидор топиш билан бирга маҳаллийлаштиришга тавсия қилинаётган маҳсулотлар бўйича бизнес-режалар ҳам қилинади ва лойиҳага қизиқиш билдирган тадбиркорлар ярмарканинг ўзида банклар билан молиялаштириш шартларини келишиб олади.
Буюртмачилар лойиҳа ташаббускорлари билан 3 йил муддатгача кафолатли харид шартномаларини тузади.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига “Экспомарказ”нинг 1 та павильонида доимий ишлайдиган саноат ярмаркасини ташкил этиш, вилоят марказларида, шунингдек, саноат зоналарида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг “шоу-румлари”ни ишга тушириш топширилди.
Шу билан бирга, 1 апрелдан:
- ️янги лойиҳаларнинг маркетинг тадқиқотлари, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, хорижий мутахассисларни жалб қилиш харажатларининг ярми, маҳаллий корхоналарнинг маҳсулотларини хорижда сертификатлаш харажатлари 50 фоизи қоплаб берилади.






