Айни пайтда давом этаётган Марказий Осиё малакатларининг терроризмга қарши курашиш бўйича минтақавий ҳамкорлигига бағишланган халқаро анжуманнинг ташкил этилиши бўйича Ўзбекистон ташаббусини маъқуллаган барча халқаро ташкилотлар раҳбарларига Президент Шавкат Мирзиёев номидан миннатдорчилик билдирилди.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Махмудов ўқиб эшиттирган мурожаатда давлатимиз раҳбари номидан қуйидаги сўзлар келтирилган:
“Бугун биз халқаро муносабатларда қарама-қаршиликларнинг кучайиши, давлатлар ўртасида ишонч ва ҳамкорлик даражаси сусайишининг гувоҳи бўляпмиз. Шу билан бирга дунёнинг турли минтақаларида кескинлик ўчоқлари сақланиб қолмоқда, қуролли тўқнашувлар давом этмоқда. Жамиятнинг барча соҳалари, иқтисодий фаолиятга таъсир этган пандемия БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётдаги инқирозли ҳодисалар дунёда тенгсизликни кучайтиради, низоларнинг кескинлашуви хавфини сезиларли даражада оширади, терроризм ғоялари тарқалиши учун замин яратади. Бундай мураккаб шароитда глобал ва минтақавий хавфсизликка таҳдидларга қарши курашда бутун жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Бундан 15 йил аввал дунёнинг барча давлатлари БМТнинг терроризмга қарши глобал стратегиясини бир овоздан маъқуллаган эди. Бу терроризмга қарши курашда миллий ва халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун биринчи кенг қамровли, жамоавий ва умумэътироф этилган ҳуқуқий асос бўлди.
2011 йилда Марказий Осиё ушбу дастурий ҳужжатни минтақавийлаштиришнинг биринчи муваффақиятли намунасини кўрсатди, ўшанда барча бешта давлат уни амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режасини қабул қилган эди. Ушбу Режанинг амалга оширилиши терроризмга қарши курашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувлари бўйича минтақавий консенсусни мустаҳкамлаш, ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама асосда ҳамкорликнинг самарали механизмларини яратиш имконини берди. Минтақа мамлакатлари терроризмга қарши курашнинг миллий тизимларини шакллантирган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тавсияларига тўлиқ мос келадиган давлат ҳаракат стратегиялари ишлаб чиқилди...”
Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатида мазкур стратегиянинг амалдаги натижаси ўлароқ, бугун Марказий Осиё давлатлари турли нуфузли халқаро рейтингларда “энг хавфсиз мамлакатлар” рўйхатидан ўрин эгаллаётгани, сўнгги йилларда илиқ қўшничилик алоқалари йўлга қўйилаётгани, Марказий Осиёнинг ажралмас қисми бўлган Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатилиб, бу давлатни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга жалб қилинаётгани мисол қилинган.
Анжуман турли секцияларда давом этмоқда.
Сардорбек Раҳмонқулов






