10 июнь куни Сирғали туманининг Спутник мавзесида жойлашган собиқ Усмон Носир номли маданият ва истироҳат боғи ўрнида “Green Park” деб аталувчи янги боғ ишга тушади, деб хабар беради “Uz24.uz” нашри.
Маданият ва истироҳат боғининг умумий майдони 4 гектарни ташкил этиб, у ерга Европада ишлаб чиқарилган 16 та янги аттракцион ўрнатилган. Аттракционда учиш нархи 1000 сўмдан 4000 сўмгача деб белгиланган.

Маданият ва истироҳат боғининг бошқа бир қисмида сунъий сув ҳавзаси ҳам қурилган бўлиб, у ерда қурилиш ишлари тугалланмаганлиги боис, ҳозирча ташриф буюрувчилар қабул қилинмайди.

Боғ бундан саккиз йил илгари ёпилганига қарамай, экилган дов-дарахтлар сақланиб қолган. Ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида видеокузатув, махсус карталардан харидни амалга ошириш тизимлари ўрнатилган.

Ҳозирда маданият ва истироҳат боғида очилиш олдидан сўнгги тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.





