Аввал хабар қилганимиздек, “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармон билан “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида ишлаб чиқилган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди. Ўзбекистоннинг келгуси 5 йил тақдири акс этган ҳужжатда қатор ташаббуслар акс этган.
Дастурга кўра, таълим сифатини ошириш ҳамда аҳоли саломатлигини таъминлаш доирасида 2022 йилда:
- 1 апрелдан нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга (Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларидан ташқари) фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг 3 миллион сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод этилади;
- дарсликларни янгилаш учун 605 млрд сўм ажратилади;
- 141 мингта янги ўқув ўринлари яратилиб уларнинг сони 2026 йил якунига қадар 6,4 миллионгача етказилади;






