Кеча ижтимоий тармоқларда ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжанинг ўз талабаларига юборган овозли хабари тарқалди. Хабарда Пресс-клуб раиси талабаларидан ўзининг Facebook саҳифасидаги "пост"ларида "лайк" ва "коммент" ёзиши кераклигини талаб қилинган. Бу ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кенг муҳокамаларга сабаб бўлгандан сўнг университет расмий баёнот билан чиқди.
"Овозли хабар университет жамоаси ва талабалари ўртасида университетга тегишли мавзуларда фикр алмашиш, турли масалаларни муҳокама этиш мақсадида, ректорнинг шахсий таклифи билан очилган “Талаба мурожаати” Телеграм гуруҳидан олинган.
Муҳими шундаки, бу хабар ректор ва талабалар ўртасидаги турли мавзулар бўйича бўлган бир неча соатлик катта суҳбат контекстидан юлиб олинган. Пандемия сабабли онлайн таълимга ўтилганидан сўнг ректор деярли ҳар куни талабаларга мотивация бериш ва уларни бўш ўтирмасликка, ўз устларида ишлашга ундаш мақсадида турли суҳбатлар уюштириб, ўз маслаҳатларини бериб борган.
Журналист ҳамкасбларимиз ва блогерлардан обектив бўлишни ва мавзу мақсадини буриб юборган ҳолда жамоат фикрини тўғри бўлмаган маълумотга қаратмасликларини сўраган бўлардик",–дейилади расмий баёнотда.






