АсосийSport

Азиз Абдухакимов қишки Олимпия ўйинлари иштирокчиси билан видеомулоқот қилди ва унга Пекин олимпиадасида омад тилади

'Азиз Абдухакимов қишки Олимпия ўйинлари иштирокчиси билан видеомулоқот қилди ва унга Пекин олимпиадасида омад тилади'ning rasmi

Хабарингиз бор, тоғ чанғиси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Комилжон Тўхтаев 2022-йил 4-20-феврал кунлари Хитойнинг Пекин шаҳрида ўтказиладиган XXIV қишки Олимпия ўйинларида иштирок этади. Спортчимиз тоғ чанғисининг слалом ва гигант слалом йўналишларидаги мусобақаларда иштирок этади.

Ҳамюртимиз қишки Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида шу йилнинг 6-январида Италияга жўнаб кетганди. Шу кунларда К.Тўхтаев Италиянинг Брунико шаҳри яқинидаги Мангуелфо қишлоғида италиялик тренер Маттиа Ганесси раҳбарлигида машғулот олиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдухакимов кеча спортчимиз билан онлайн видеомулоқот ўтказди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги Ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Видеомулоқот аввалида вазир спортчимизнинг саломатлиги ва бўлажак мусобақага тайёргарлик жараёни, қолаверса яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўради. Шунингдек, бўлажак қишки Олимпия ўйинларида Комилжон Тўхтаевга омад тилаган ҳолда унинг ортида аввало Президентимиз, яқинлари, қолаверса кўп миллионлик юртдошларимиз турганлигини таъкидлаб, ундан барча ижобий натижа кутаётганлигини айтиб ўтди.

- Президентимиз ва халқимиз номидан сизга бўлажак мусобақаларда омад тилаймиз. Аслини олганда қишки Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритганлигингиз, унда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишингизнинг ўзи катта муваффақият. Шундай бўлса-да, Олимпия ўйинларида юртимизга медал тақдим этсангиз, сизни ҳам ёзги Олимпия ўйинлари ғолиблари каби тантаналар билан кутиб оламиз ва тақдирлаймиз. Энг муҳими, ушбу нуфузли мусобақада муносиб иштирок этиш орқали Ўзбекистонда қишки спорт турларини оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшган бўлардингиз. Шунинг учун сизга бўлажак мусобақаларда омад ва зафар тилаймиз, – деди Азиз Абдухакимов видеомулоқотда.

Ўз навбатида Комилжон Тўхтаев ҳам аввало муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев, қолаверса Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон чанғи спорти федерацияларининг доимий ёрдамини ҳис қилаётганлигини, юртимизда сўнгги йилларда қишки спорт турларини янада оммалаштириш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, спортчи сифатида бундан мамнун эканлигини эътироф этди.

Шунингдек, видеомулоқотда вазир Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Спортнинг қишки ва экстремал спорт турларига ихтисослашган мактаб-интернат ташкил этилаётганини айтиб ўтди ҳамда Комилжон Тўхтаевни мазкур таълим даргоҳи фаолиятини йўлга қўйишда ўз амалий таклифлари ва маслаҳатлари билан фаол иштирок этишга чақирди.

Видеомулоқот якунида К.Тўхтаев Юртбошимиз ва Ўзбекистон халқини қувонтириш учун астойдил ҳаракат қилишга ваъда берди.

Ўз ўрнида Туризм ва спорт вазирлиги ХХИВ қишки Олимпия ўйинларида ҳамюртимизга омад тилаб қолади.

    Бошқа янгиликлар