Президент Матбуот котибининг хабар беришича, айни пайтда президент раислигида бўлиб ўтаётган йиғилишда давлат раҳбари Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастури ижросини ташкил этиш бўйича ҳам қатор топшириқлар берди.
"Бир нарсани аниқ тушуниш лозим. Дастурда кўзда тутилган барча чора-тадбирлар халқимиз томонидан катта ишонч билан қизғин қабул қилинди.
Уларнинг амалдаги ижросини аҳолимизнинг барча қатламлари – ўрта синф вакиллари ва тадбиркорлар, зиёлилар, бюджет соҳаси ходимлари, ҳарбий хизматчилар, фахрийларимиз, кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар – барча-барчаси ўз кундалик ҳаётида сезишлари керак" деди давлат раҳбари.
Жумладан, Қорақалпоғистон ва Хоразмда 1-4-синф ўқувчиларини бепул нонушта ёки тушлик билан таъминлаш, республикадаги ички йўллар масаласи, ирригация-мелиорация тадбирларига доир вазифалар кўрсатиб ўтилди.
Республика комиссияси дастурдаги тадбирлар тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш ва назорат қилиш бўйича ҳар ойда вазирлик, идора ва ҳудуд раҳбарларининг ҳисоботини эшитиб, уларнинг фаолиятига танқидий баҳо бериб боради, ҳар чоракда амалга оширилган ишлар натижаси, бу борада раҳбарларнинг жавобгарлиги бўйича Президентга ахборот бериб боради.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси котибият ва департаментлари раҳбарлари бошчилигида 7 та йўналишда доимий ишловчи штаблар тузилиб, вазирлик, идора ва ҳудудлар билан топшириқларнинг кунлик ижросини ташкиллаштиради.






