АсосийJamiyat

ССВ: Тиббиётдаги энг илғор тажрибалар Наманган вилоятида ҳам татбиқ этилади

'ССВ: Тиббиётдаги энг илғор тажрибалар Наманган вилоятида ҳам татбиқ этилади'ning rasmi

Таклиф ва ташаббуслар қуйидан чиқиши керак. Шундагина янгиланишлар кутилган натижани беради. Давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтадиган очиқ мулоқоти худди шу мақсадга қаратилган.

Ҳозир Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари ушбу тадбирга тайёргарлик доирасида водий вилоятларида сафарда. Ишчи гуруҳ жойлардаги даволаш муассасаларида бўлиб, яратилган шароитлар ҳамда соҳа ходимларининг очиқ мулоқотга йўллаган мурожаатлари ечимини ўрганмоқда. 

Шифокор ва ҳамширалар, фармацевтлар, санитария-эпидемиология хизмати вакиллари билан учрашувда тизимга доир муаммоларнинг тезкор ва жойида ҳал этилиши чоралари кўриляпти. 

Навбатдаги учрашув Наманган вилоятида ташкил этилди. Унда ҳудудда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари иштирок этди. Тадбирда алоҳида айтилганидек, ҳозир очиқ мулоқотга йўлланаётган таклиф ва мурожаатлар сони бўйича Наманган вилояти республикамизда биринчи ўринда бормоқда. 

Яъни шу кунгача улардан 1204 та мурожаат келиб тушган. Бу, аввало, наманганлик тиббиёт ходимларининг фаоллиги, соҳа ривожига бефарқ эмаслигини кўрсатса, иккинчидан, ҳудудда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар кўплигини англатади. 

Учрашувда тиббиёт соҳасини халқимизни рози қиладиган, “Инсон қадри учун” ғоясига хизмат қиладиган тизимга айлантириш бош мақсад эканлиги таъкидланди. Бунинг учун, аввало, бирламчи тиббиёт бўғини фаолияти янада такомиллаштирилади. 

Оилавий поликлиника ва қишлоқ шифокор пунктлари эрталаб очилиб, тушдан кейин фаолиятини якунлайдиган эмас, аксинча аҳолининг тиббий хизматга бўлган эҳтиёжини узлуксиз таъминлайдиган тизимга айлантирилиши керак. Ҳозир бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тегишли лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. 

Қолаверса, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам тизимида йўлга қўйилган ягона диспетчерлик хизмати тажрибасини Наманган вилоятига ҳам татбиқ этиш мақсад қилинган. Ҳудудда юқори технологик тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш, соҳада хусусий сектор ривожини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Мулоқот чоғида юртимиздаги мураккаб эпидемиологик вазият, бунга қарши кўрилаётган чора-тадбирлар, вакцинация жараёнларининг аҳамияти ҳақида ҳам сўз юритилди. 

Шундан сўнг соҳа вакилларининг таклифларига қулоқ тутилди. Савол-жавоблар давомида иш ўринлари, меҳнат шароити, кадрлар малакаси, тиббий ускуна ва жиҳозлар таъминоти каби масалалар юзасидан мурожаатларни тезкор ҳал этиш учун тизим мутасаддиларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Наманган вилоятида 234 та даволаш-профилактика ва ёрдамчи муассасалар фаолият юритмоқда. Уларда 4 700 нафарга яқин шифокор ва 28 500 нафардан зиёд ўрта тиббиёт ходими аҳолига тиббий хизмат кўрсатяпти. 

 

    Бошқа янгиликлар