АсосийSport

Ўзбекистонда U-22 Осиё чемпионати бошланиш арафасида

'Ўзбекистонда U-22 Осиё чемпионати бошланиш арафасида'ning rasmi

Қанча боксчи ташриф буюриши маълум қилинди.

Жорий йилнинг 20-30 январь кунлари пойтахт Тошкентда бокс бўйича 22 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилади. Туризм ва спорт вазирлигининг маълум қилишича, тарихда илк маротаба ташкил этилаётган ушбу мусобақада қитъанинг 15га яқин мамлакатидан 150 нафардан зиёд ёш ва умидли боксчилар ғолиблик учун баҳс олиб бориши кутилмоқда.

"Ҳозирда мусобақа ўтадиган "Универсал" спорт мажмуасида тайёргарлик ишлари қизғин давом этаяпти. У-22 Осиё чемпионати расман 22 январь куни соат 17:00да очилади. Очилиш маросими тантаналаридан сўнг соат 18:00дан дастлабки жанглар бошланади. Шу куни соат 11:00да пойтахтимиздаги "Hilton" меҳмонхонасида мусобақа олдидан матбуот анжумани ҳам ташкил этилади. Унда ташкилотчилар, хусусан Осиё бокс федерацияси масъуллари ҳам иштирок этиши режалаштирилган",-дея хабар бермоқда вазирлик.

Таъкидланишича, ушбу нуфузли мусобақага Ўзбекистон эркаклар терма жамоасини тажрибали мутахассис Тўлқин Қиличев бошчилигидаги мураббийлар штаби тайёрлаган бўлса, қизлар Лочин Қўчқоров ва Элшод Расуловлар қўл остида тайёргарлик кўришган.

Бироқ, пандемик вазият туфайли терма жамоанинг якуний таркиби ҳалигача аниқ бўлгани йўқлиги айтилади.

Қайд этилишича, аввалига Осиё чемпионатида қитъанинг 20га яқин давлатидан 200 нафарга яқин чарм қўлқоп усталари қатнашиши кутилган. Аммо, сўнгги вақтларда бутун дунёда пандемик вазият яна жиддий тус олганлиги ва касалланиш ҳолатлари тобора ортиб бораётганлиги боис, бир қатор мамлакатлар ушбу мусобақада қатнашолмаслигини маълум қилган. Улар қаторида Осиё боксида етакчилардан саналадиган Қозоғистон, Таиланд, Хитой, Ҳиндистон, Филиппин сингари давлатлар ўрин олган.

"Бироқ, бу ҳолат мусобақа нуфузига асло таъсир қилмайди, зеро Тошкентда ўтадиган қитъа чемпионатида Япония, Мўғулистон, Саудия Арабистони, Қатар, Малайзия, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон сингари 10дан ортиқ давлатлардан ёш ва истеъдодли боксчилар ғолиблик учун рингга тушади",-дейилади хабарда.

Мусобақада эркаклар 13та вазн тоифасида, қизлар эса 12та вазнда жанг қилишади. Мазкур чемпионат қатъий карантин қоидалари асосида ўтказилади ва унга бемалол томошабинлар ҳам кириши мумкин.

    Бошқа янгиликлар