АсосийJamiyat

Адвокатлик фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий қилишнинг долзарблиги

'Адвокатлик фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий қилишнинг долзарблиги'ning rasmi

Адвокатура фуқаролик жамиятининг асосий ва муҳим институтларидан бири бўлиб, cўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим таркибий қисми сифатида адвокатуранинг роли ва аҳамиятини кучайтириш, адвокатурани ислоҳ қилиш, демократик принципларга асосланган кучли, мустақил адвокатура тизимини барпо этишга алоҳида ва доимий эътибор қаратиб келинади.

Давлат Раҳбарининг сайловолди дастурида 2027 йилгача мамлакатда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, давлат бошқарувини такомиллаштиришни назарда тутувчи беш йиллик Янги Ўзбекистон стратегияси лойиҳаси эълон қилинди. 

Лойиҳада адвокатлик фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали ортиқча бюрократия ва қоғозбозликка чек қўйиш, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари билан электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш белгиланмоқда.

Ўтган беш йил давомида жамиятда адвокатура соҳасига замонавий ахборот-технология ва коммуникация воситаларини жорий этиш мақсадида қонунчиликка муҳим нормалар киритилди.

Жумладан, адвокатлик мақомини олиш учун малака имтиҳони жараёнлари янада шаффофлаштирилди, имтиҳон жараёнлари Интернет тармоғида реал вақт режимида трансляция қилинадиган бўлди, адвокат сўрови адвокатлик сирига риоя этилган ҳолда ахборот тизими орқали электрон шаклда ҳам берилиши мумкинлиги, шунингдек, жиноят процессида ҳимоячидан воз кечиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилиши шартлиги белгиланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 
23 мартдаги “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 
ПФ–6191-сон Фармонининг 7-бандида 2021 йил 1 июндан адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Умуман, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида адвокатура институти янги босқичга кўтарилмоқда. 

Бироқ, шунга қарамасдан амалда профессионал юридик ёрдам сифатини ва адвокат касбининг нуфузини ошириш, шунингдек, суд ишини юритишда тенглик ва тортишув принципларини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликларнинг мавжудлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Келгусида адвокатура институтининг янада ривожлантириш, адвокатура соҳасига замонавий ахборот-технология ва коммуникация воситаларининг самарали механизмини жорий этиш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш борасида қуйидаги ислоҳотларни амалга ошириш муҳим саналади:

1) лицензия олиш учун электрон платформа орқали мурожаат қилиш тизимини йўлга қўйиш, шунингдек, электрон лицензия ва гувоҳномалар жорий этиш;

2) давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш тизимини ишга тушириш;

3) республикада фаолият юритувчи адвокатлар ҳақида электрон реестр орқали онлайн маълумот олиш имконини яратиш;

4) қоғоз шаклдаги ордерларни бекор қилиш; 

5) суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда кўриладиган ишлар ҳақида адвокатларни электрон хабардор қилиш тизими жорий этиш.

Шу билан бирга, амалдаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш орқали фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишда адвокатнинг ҳуқуқий мақомини янада ошириш, жиноят процессида адвокат ҳуқуқларининг кафолати ва процессуал мақомини янада мустаҳкамлаш, жиноят процессининг барча босқичларида айблов ва ҳимоя тарафларининг тенг ҳуқуқлилиги ва тортишув принципини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш ҳамда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, бошқа давлат органлари билан электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш муҳим вазифалар ҳисобланади.

 

                                       Фазлиддин Зарипов, Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи

    Бошқа янгиликлар