Ўзбекистонда эмланганлар ўртасида бонусли ўйинлар ташкил этилади. Айни пайтда мазкур ташаббус юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов раислигида ўтказилган мамлакатимизда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, хусусан, эмлаш жараёнларини кенг ёритиш чора-тадбирларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда айни пайтда дунё бўйича эпидемиологик вазиятнинг тобора мураккаблашиб бораётгани қайд этилиб, коронавирусдан, хусусан, янги "Омикрон" штаммига қарши курашишда фақатгина эмлаш орқали эришиш мумкинлиги таъкидланди.
Таъкидланишича, бутун дунёда фуқароларни коронавирусга қарши эмлаш пуллик бўлган бир пайтда бу жараён Ўзбекистонда мутлақо бепул олиб борилмоқда. Эндиликда Республика аҳолисини эмлаш билан тўлиқ қамраб олишга эришиш мақсадида, вакцина олиш учун шароит ва имкониятларни янада кенгайтириш, фуқароларни хоҳ уйда, хоҳ ишда ва ёки жамоат жойларида вакцина олишлари учун шароитлар яратиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, махсус электрон бот орқали айни пайтда мавжуд вакцина турлари, энг яқин жойдаги эмлаш пунктлари ва шунга ўхшаш маълумотларни тезкор ва аниқ олиш тизимлари йўлга қўйилади. Ўзи ва ўзгалар саломатлигини асрашга хисса қўшиб, вакцина олган фуқаролар қимматбаҳо совғалар орқали рағбатлантирилиши мумкин.
"Биз учун энг муҳими имкон қадар тезроқ аҳолимизни эмлаш орқали ушбу хавфли касалликдан асраб қолиш", - дея таъкидлади Азиз Абдуҳакимов.






