Қашқадарёда содир бўлган аянчли ЙТҲда 5 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги батафсил хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат қуйидагича бўлган:
1 январь куни соат 13:00 ларда, Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод тумани ҳудудидан ўтувчи М-39 "Термиз-Тошкент" автомобиль йўлида ҳайдовчи, 1990 йилда туғилган А.М. "Cobalt" русумли автомобилда ёмғир ёғаётганлигини инобатга олмасдан, катта тезлик билан ҳаракатланади.
Оқибатда, руль бошқарувини йўқотиб бетон тўсиққа урилади.
Таъкидланишича, ҳодиса натижасида ҳайдовчи А.М. ҳамда ушбу автомобилда бўлган тўрт нафар йўловчилар олган оғир тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этишган.
"Мазкур ЙТҲ юзасидан Деҳқонобод тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда",-дейилади хабарда.






