АсосийJamiyat

Янги йилда кайфият улашувчи беш кичик "ихтиро"

'Янги йилда кайфият улашувчи беш кичик "ихтиро"'ning rasmi

Байрам шукуҳи нафақат кўчаларда, балки уйингизда ҳам ўз аксини топишини истаган ҳолда оддий, лекин юқори кайфият улашувчи усулларни сиз билан баҳам кўрамиз…

Тўплар ва ўйинчоқлар ёмғири

     Турли рангдаги ялтироқ, думалоқ шаклдаги ўйинчоқларга рангли тасмалар ўтказиб, уларни қандилга илиб чиқинг. Ва хонада ўзига хос ёқимли муҳитни яратинг. Ҳатто чироқлар ўчиқ бўлганида ҳам ой шуъласининг нурлари ялтироқ тўпчаларга тушиб, кўтаринки кайфият улашишда давом этади.  

Ажойиб Қорбоболар ва улкан ёнувчи шарлар

 Бу ўйинчоқларни албатта ясаб кўришингиз керак. Чунки улар жуда осон ва ниҳоятда гўзал. Бунинг учун сизга бир нечта шиширилган ҳаво шарлари, бироз қалинроқ, тўқилган оқ ип, елим, майда ялтироқ тасмалар ҳамда ширин сув керак бўлади, холос. Шарларни шиширинг ва уларни тўқилган ип билан суратдагидай ўраб чиқинг.

Газ плитада эса сув қайнатиб, унга бир литр шакар солинг. Қиём маромига етгач, уни совутинг. Ва илиқ қиёмга шарларни тўлалигича ботиринг. Бу босқич сизга ипни мустаҳкам қилиб қотириш учун керак бўлади. Ва бироздан сўнг, игна билан шарни ёринг. Қарабсизки, кўз ўнгингизда думалоқ, оппоқ шакл пайдо бўлади. Ушбу гўзалликларнинг ичига майда ялтироқ тасмаларни солишингиз, ўраб чиқишингиз ва ёки суратдаги каби Қорбобо ҳам ясашингиз мумкин. Ушбу гўзаллик уйингизнинг қайсидир бурчагини албатта ёрқин этади.

Ликопчалардаги гўзалликни ҳам унутманг

Ҳатто байрам дастурхонида ҳам барчанинг кўзини қувнатувчи янги йилга хос янгилик бўлиши шарт. Бунинг учун оддийгина “салфетка”лардан ликопчалар устида гўзаллик яратишингиз мумкин. Бугуноқ дўкондан яшил рангли “салфетка” сотиб олишни унутманг! Ва қуйидаги кетма-кетликда уларни ясанг.

Баҳайбат лампочкалар билан шифтни безатамиз

Ҳаво шарлари ва елим идишлар ёрдамида улкан лампочкалар ясаймиз.

Ва уларни шифтга, эшик тепасига ёки исталган ерга осиб қўйиш мумкин. Бунинг учун оддийгина рангли тасмалар, пуфланадиган шарлар ва дўконлардаги яшил, елим стаканлар кифоя.  

Ёзув столингиз ёки жавонлар устини кичик арчалар билан безатинг

   Бу арчалар ҳақиқатдан ҳам кайфиятингизни кўтаради. Кардон қоғоз, яшил лента ёки яшил рангдаги зарлар, елим сизга керак бўлади. Кардон қоғзони шу ҳолатга келтириб кесиб олинг ва уни шунчаки зар билан зич ҳолатда ўраб чиқинг.

     Иккинчи усулда эса кардонга елим ёрдамида арча шохчаларидан шу тариқа ёпиштириб чиқинг. Қаранг, кўз олдингизда нақадар оддий гўзаллик пайдо бўлди! Фантазиянгизга қараб уларни яна-да гўзал тарзда безатишингиз мумкин.

Кўрсатилган барча кичик “ихтиро”ларни тайёрлаш сизнинг ҳам қўлингиздан келади, шунчаки бироз хоҳиш бўлса бас! Янги йилда нафақат ўзингизга, балки оила аъзоларингизга ҳам кўтаринки, ёрқин кайфият улашишга эринманг!

Мафтуна ЖЎРАЕВА,

Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар