Ўзбекистон элчихона кўмагида Мисрнинг "Nile Culture" давлат телеканалининг "Барча тилларда" кўрсатувининг Ўзбекистон ҳаёти ҳақида махсус сони намойиш этилди.
Кўрсатувда мисрлик ёзувчи ва журналист Абубакр Абу ал-Мажид мамлакатимизга амалга оширган сафарининг унутилмас таассуротларини ҳикоя қилиб берди.
Ярим соат давом этган махсус кўрсатувда ўзбек халқининг қадимий маданияти, урф-одатлари, миллий ошхонаси, Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, қадимий шаҳарлари, бой тарихий мероси, жумладан, Самарқанддаги Амир Темур мақбараси, Бибихоним масжиди, Бухоро шаҳридаги қадимий Арк, Тошкентнинг диққатга сазовор жойлари тўғрисидаги маълумотлар ва видеолавҳалар мисрлик телетомошабинлар эътиборига ҳавола қилинди.
Дастур давомида, шунингдек, мамлакатимизнинг замонавий тараққиёти, кўп миллатли аҳолиси, иқтисодиёти, табиий бойликлари ҳақидаги алоҳида видеоролик намойиш этилди.






