Бугун эрталаб ноқулай об-ҳаво шароити туфайли самолётлар Наманган ва Андижон аэропортларидан учиш ва қўнишни амалга ошира олмадилар, дея хабар бермоқда "Uzbekistan Airports"
Маълум қилинишича, кучли туман сабабли — кўриш масофаси 50 метрга яқин — “Урал” авиакомпаниясининг Қозон шаҳридан парвоз қилаётган СВР2161 самолёти соат 08:48 да Наманганга қўна олмади ва Тошкентдаги захира аэродромига жўнаб кетди.
“Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг HY9620 қатнови ҳам об-ҳаво шароити ёмонлиги боис Наманганга қўна олмади ва Фарғонадаги захира аэродромига юборилди.
Андижон аэропортида ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг Москвадан HY-622/621 қатновини амалга оширган ҳаво кемаси ҳам соат 10:45 да белгиланган аэропортга қўна олмасдан Фарғонадаги захира аэродромига учиб кетди.
Метеорология хизмати прогнозларига кўра, ушбу аэропортлар об-ҳаво шароити туфайли тахминан соат 14:00гача ёпиқ бўлади. Режалаштирилган барча қатновлар энг яқин муқобил аэродромларга йўналтирилади.






