Назокат Бўриева Ўзбекистонда топаётган пулидан қаноатланмай хорижга иш излагани кетади. Қизи Ситорани эса яқинларига ишониб топшириб кетади. Хориждан қайтгач ҳали турмуш қурмаган қизининг хомиладор эканлигини пайқайди. Ёлғиз назоратсиз ташлаб кетганига афсус чекади. Шармандаликдан қутилиш мақсадида қизини Сирдарёга яшайдиган танишининг уйига жўнатади.
Ситора Ўлмасжонова туғруқхонада кўзи ёришидан икки-уч кун олдин Шоҳсанам исмли аёл билан танишиб қолади. Суҳбат асносида Ситора янги танишига туғилажак фарзандини 3 минг 200 АҚШ долларига сотиш ниятида эканини айтади. Одам топиб беришни сўрайди.
Шунда Шоҳсанам она-боланинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига қонуний чора кўришни сўраб, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Сирдарё вилояти бошқармасига ариза билан мурожаат қилади.
Бундан бехабар Ситора туғуруқхонадан чиқишаётганини айтиб, Шоҳсанамга қўнғироқ қилади. Туғуруқхонага етиб борган Шоҳсанам уларни ўзининг хонадонига олиб боради.
Орадан кўп вақт ўтмай Шоҳсанаминг дугонаси Шоира келишилган пулни олиб келади. Н.Бўриева Шоҳсанамдан 3 минг 200 АҚШ долларини санаб олади. Келишувга кўра, Ситора фуқаро Ш. Иномовага ўз хоҳиши билан боласини топширгани ва бунинг эвазига 3 минг 200 АҚШ доллар миқдоридаги пулларни олгани, келгусида даъво қилмаслигини баён этиб, тилхат ёзиб беради. Тилхатга Ситора билан бирга онаси Н.Бўриева ҳам имзо қўяди.
Чақалоқни жабрланувчиларга топширган болафурушлар уйдан чиқиши билан қўлга олиндива уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. вояга етмаган Моҳина Ўлмасжонова «Болалар уйи»га топширилди.
Судланувчилар Н.Бўриева ва С.Ўлмасжоновани Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми "а" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.






