Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Венгрия Инновация ва технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда 2022 йилнинг январ ойидан апрел ойига қадар барча устувор илмий йўналишларда инновацион ва амалий лойиҳалар, шунингдек илмий ташкилотлар ва тадбиркорлар ҳамкорлигида “2+2” шаклидаги (бунда, илмий ташкилот лойиҳанинг илмий қисмини ва тадбиркорлик субъектлари эса тижоратлаштириш ва старап қисмини амалга оширади) лойиҳалар танлови ўтказилади.
Танловда иштирок этиш истагидаги ташкилотлар Венгрия томонидан ҳамкор топишлари ва лойиҳаларни келишилган ҳолда шакллантириб, мос равишда танловга ариза топширишлари лозим. Лойиҳанинг давомийлиги 24 ойдан ошмаслиги шарт.
Тақдим этилган лойиҳалар танлов талабларига қатъий риоя қилинганлиги, лойиҳа материалларининг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги, кўчирмачиликка (плагиатга) йўл қўйилмаганлиги, талаблар асосида шакллантирилганлиги, шунингдек лойиҳа якунида қўлга киритиладиган муҳим илмий натижаларнинг тадқиқот дизайнига мувофиқ тўлиқ асосланганлиги ва сўралган маблағларнинг танлов шартларида келтирилган молиялаштириш ҳажмига мувофиқ тўғри ҳисоб-китоб қилинганлиги бўйича дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.
Танловга ҳужжатлар 2022 йилнинг 5 январь кунидан қабул қилинади. Қўшимча маълумот вазирликнинг расмий сайтида (http://www.mininnovation.uz/) берилади.
Эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида жорий йилда ўтказилган танлов натижалари бўйича умумий қиймати 6,7 млрд. сўм миқдоридаги 4 та илмий ва 5 та стартап лойиҳалари декабрь ойида молиялаштирилди.






