Куни кеча Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Олмалиқ шаҳрига ташриф буюриб, ногиронлиги бўлган ва эҳтиёжманд аҳоли вакиллари хонадонида меҳмон бўлди.
Ҳокимлик ахборот хизматининг маълум қилишича, Зойир Мирзаевга сектор раҳбарлари, шаҳар мутасаддилари ҳамроҳлик қилишган.
Вилоят раҳбари хонадонларга кириб, оила соҳибларининг яшаш тарзи, муаммолари билан қизиққан. Оила бекалари, бу ерда тарбияланаётган ўғил-қизлар билан мулоқот қилиб, уларнинг таълим олиши, қизиқишлари ҳақида сўраган. Оила соҳибларини кириб келаётган Янги йил билан қутлаган.
Ўз навбатида, аҳоли вакиллари маиший турмуш ва рўзғор муаммолари, яшаш шароитлари билан боғлиқ муаммоларини баён этишди, дея қайд этади ҳокимлик ахборот хизмати.
Шу вақтнинг ўзида ушбу ташрифдан хабар топган Олмалиқлик болакай Зойир Мирзаев олдига югуриб келди. Бу ҳақдаги видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда тарқалиб ҳам улгурди.
"Ота-онамиз вафот этган. Биз 3 фарзандмиз"-дея муаммолари ҳақида ҳокимга сўз очади эрта етим қолган бола.
Унинг сўзларига кўра, улар яшаб турган уй "снос"га тушган ва 1 ой ичида уйнинг пули берилиши айтилган. Бироқ пул берилмаган ва 3 етим ҳозирда ётоқхонада яшаб келмоқда.
Болакайнинг муаммосини тинглаган Зойир Мирзаев: "Буни охирига етинглар. Бунақа бўлиши мумкин эмас",-дея масъулларга топшириқ берди.
"Тўғри айтганинг учун сенга раҳмат, баракалла",-дея миннатдорлик билдиради ҳоким, унинг телефон рақамини ёзиб олишни ходимларига буюриб.






