АсосийJamiyat

Ўзбекистонда ходимларнинг меҳнат таътили кунлари кўпайтирилмоқда

'Ўзбекистонда ходимларнинг меҳнат таътили кунлари кўпайтирилмоқда'ning rasmi

Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг экспертлар гуруҳи Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини кўриб чиқди. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати хабар қилди. 

Муҳокамаларда 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслиги ва фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги, турли хил шаклларининг фаол ривожланишини ҳисобга олмаслиги, шунингдек, иш берувчилар, хусусан, қўшимча ишчиларни меҳнатга жалб қилишнинг содда шаклларини танлашга имкон берадиган мослашувчан иш режимларидан кенг фойдаланиш учун етарли шарт-шароитларни яратмаслиги таъкидланди.

Сенаторлар томонидан янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ишлаб чиқишда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар жумладан, Германия, Швеция, Норвегия, Буюк Британия, Латвия, Эстония, Япония, Корея Республикаси ҳамда МДҲ давлатлари тажрибаси чуқур ўрганилгани қайд этилди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг махсус қисми меҳнат ҳуқуқининг айрим институтларига бағишланган ва бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби янги нормаларни ўз ичига олган.

Шунингдек ҳужжат билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимларига аввалги тартибдагидек 24 кадендарь куни эмас балки йигирма етти календарь кун йиллик узайтирилган таътил берилиши белгиланмоқда.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг қабул қилиниши ходимлар ва иш берувчилар манфаатлари мувозанатини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳамкорликка жалб қилиниши ортиши, меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги шаклларини фаол ривожлантириш, Меҳнат кодекси қоидаларини халқаро ҳуқуқ нормалари, жумладан Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларга мослаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

 

    Бошқа янгиликлар