АсосийJamiyat

Гулнора Каримованинг музлатиб қўйилган маблағларидан бир қисми "Takilant" компаниясига қайтарилишига АҚШ органлари имкон бермайди

'Гулнора Каримованинг музлатиб қўйилган маблағларидан бир қисми "Takilant" компаниясига қайтарилишига АҚШ органлари имкон бермайди'ning rasmi

Бир қатор хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари Швейцария Федерал жиноят суди асосий бенефициари Гулнора Каримова бўлган “Takilant Ltd.” компаниясига тегишли ноқонуний йўллар билан орттирилган маблағларни мусодара қилиш тўғрисида қарор қабул қилгани ҳақидаги маълумотларни эълон қилишди.  

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ушбу хабарларга муносабат билдирар экан, эълон қилинган маълумотларда суд қарорининг барча тафсилотлари ошкор этилмаган.

Маълум қилинишича, 2012-йилда Швейцария Федерал прокуратураси Гулнора Каримова ва унга алоқадор шахсларга нисбатан жиноий маблағларни легаллаштириш ва қалбакилаштириш бўйича кенг кўламли тергов бошлаган эди. Гап Ўзбекистон бозорига кириш ва тўсиқсиз ишлаш эвазига хорижий телекоммуникация компанияларидан ноқонуний йўл билан олинган йирик маблағларни легаллаштириш ҳақида кетмоқда.

Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан олиб борилган жиноий тергов ишлари доирасида Швейцария Федерал прокуратураси томонидан ушбу давлат банкларида жойлашган “Takilant Ltd.” Компаниясига тегишли 350 млн. АҚШ долларидан ортиқ маблағлар мусодара қилинган.

Жорий йилнинг 22 декабрида эълон қилинган баёнотида Швейцария суди Г.Каримова ва унинг шерикларини ноқонуний маблағларни оғирлаштирувчи ҳолатларда легаллаштиришда айбдор деб тан олгани ва шу сабаб 293 млн долларидан ортиқ маблағ мусодара қилингани ҳақида хабар берди.

Бу Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари учун муҳим ғалаба ҳисобланади, чунки у маблағларни Ўзбекистон Республикасига қайтариш бўйича кейинги музокаралар учун имконият очади.

Шу билан бирга, суд қарорига кўра 70 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар процессуал харажатлар чиқариб ташланганидан сўнг “Takilant Ltd.” Компаниясига қайтарилиши мумкин. Айрим ОАВ суд қарорининг ушбу қисмини нотўғри талқин қилган ҳолда асоссиз маълумотлар тарқатишмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Швейцария федерал жиноят судининг 2021 йил 17 декабрдаги қарори ҳали якуний қарор эмас. Ҳусусан, Швеййария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари суднинг ушбу қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, ушбу маблағларга нисбатан Америка Қўшма Штатларнинг ваколатли органлари томонидан уларни ҳибсга олиш тўғрисида даъво ва ордер ҳам мавжуд, бу эса Швейцария судининг кўрсатилган қарори кучга кирган тақдирда ҳам ушбу маблағларни компанияга қайтариш имконини бермайди.  

 

    Бошқа янгиликлар