Музокаралар вақти янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ҳамкорларни излаб топиш юзасидан келишувга эришилган.
Бугун, 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Эрон Ислом Республикасининг иқтисодий масалалар бўйича вице-президенти М.Резаий билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди. Бу ҳақда вазирлик маълум қилмоқда.
Таъкиданишича, музокаралар чоғида икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни ҳозирги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган.
"Музокарада инвестициявий ҳамкорлик соҳасига эътибор қаратилиб, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, фармацевтика, электротехника, кимё ва енгил саноат соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратилгани таъкидланди. Янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш бўйича ҳамкорларни излаб топиш юзасидан келишувга эришилди",-дея алоҳида қайд этилади хабарда.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон-Эрон савдо айланмасининг ижобий динамикаси, жумладан, жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида ўзаро савдо ҳажми 74,4 фоизга ошган. Томонлар Ўзбекистон ва Эрон ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳаси устида олиб борилаётган ишларни кучайтиришга келишиб олишган. Шунингдек, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига ҳам тўхталиб ўтилган.
"Яқин келажакда қатор икки томонлама тадбирлар, жумладан, Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 14-йиғилиши, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Музокаралар якунида Ўзбекистон билан Эрон ўртасида инвестициялар, саноат, савдо ва транспорт соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга келишилди",-дея якун ясалади бўлиб ўтган музокаралар ҳақидаги хабарга.






