Деҳқонга нима етиштириш бўйича буюртма беришдан бошлаб, етиштирилган маҳсулотларнинг хўл ёки қайта ишланган ҳолда савдо дўконларига етказиб боришгача бўлган тизими фаолиятини битта ташкилот мувофиқлаштиради. Бу ҳақда “Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида кўзда тутилган.
"Эндиликда олдин маҳсулот етиштириб, кейин харидор излаш амалиётидан воз кечамиз. Бунинг учун ички бозор, қайта ишлаш корхоналари ва хорижий давлатлари талабини ўрганиб чиқамиз. Ўрганиш натижасида, етиштириладиган маҳсулот учун ички бозорга супермаркетлар тизими, музлатгичли омборхоналар ва қайта ишлаш корхоналари билан, экспортга эса экспортёр корхоналар ва хорижий компаниялар билан фьючерс шартномалари асосида маҳсулот етиштиришни ташкил чораларини кўрамиз",– деди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори Ҳусниддин Каримов
Бундан ташқари:
- мева-сабзавот маҳсулотлари турини танлашда деҳқонларнинг етарлича даромад олишига имкон берадиган ҳамда ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мосини танланади;
- боғ ва токзорларни қайтадан тўлиқ инвентаризациядан ўтказиб, ҳосилдорлиги паст, маҳсулотига талаб юқори бўлмаган, эскирган боғлар ўрнида маҳсулотига талаб юқори бўлган замонавий боғ ва токзорлар барпо этилади;
- интенсив боғ ва токзорлар барпо этишга яроқли ер участкаларини танлаш ва очиқ танловга чиқарилади;
- мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш қувватларини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиб, мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш ҳамда ҳудудлар талабидан келиб чиққан ҳолда янгиларини қурилади. Бунда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилади;
- давлат бюджетидан ажратилаётган кредитлар доирасида тижорат банклари билан биргаликда мева-сабзавотчилик йўналишидаги лойиҳаларни ишлаб чиқилади.






