Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳрини таълим, тиббиёт, бизнес ва маданий-кўнгилочар марказга айлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
“Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқуловнинг йиғилишдан маълум қилишича, Сергели тумани ҳокими 16 километр узунликдаги ер усти метроси атрофида тунги ёритгич, ўриндиқ, спорт ва бошқа инфратузилма ташкил этиш ҳисобига, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 5 мингта иш ўрни яратиш бўйича таклифини ҳам билдирган ва бу таклиф президентга маъқул келган.
Давлат раҳбари шу пайтгача шароит яратилмаган пойтахт тадбиркорларининг шаҳар ҳудудида санъат, рассомчилик, ҳайкалтарошлик, ҳунармандчилик вакилларини кенг жалб қилиб, йирик “санъат кўчалари”ни ташкил қилиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг таклифини ҳам қўллаб-қувватлашини билдирди.
“Шу каби “Чиғатой кўчаси” каби халқимиз ва туристларни ўзига тортадиган жойларда миллий ва тематик овқатланиш кўчаларини ташкил этиш зарур. Бу орқали, йилига 500 мингдан зиёд туристлар учун янги маршрутларни ташкил этса бўлади”, деди президент.






