Хизматлар соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси йил режаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев баъзи хизмат кўрсатиш соҳаларида солиқ ставкаларини камайтириш бўйича топшириқ берди.
Топшириққа кўра, энди:
- янги меҳмонхона, дам олиш масканлари уч йил давомида мол-мулк ва ер солиғини 2 баробар паст ставкада тўлайди;
- туризм соҳаси учун махсус солиқ режими жорий этилиб, уч йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқ 1 фоиз ставкада, мол-мулк ва ер солиқлари эса, ҳисобланган суммадан 1 фоизи миқдорида белгиланади;
- оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида, меҳмон уйларини ташкил этиш ва таъмирлаш учун ҳам, имтиёзли кредит ажратилади.
Бунинг учун келгуси йилда 500 миллиард сўм йўналтирилади.
Шунингдек, қишлоқларда янгидан ўрнатиладиган алоқа оператори станциялари мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади. Бундан ташқари, алоқа операторларининг мобиль алоқа ва тезкор Интернет қамровини ошириш учун, базавий станциялардан биргаликда фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
Сардорбек Раҳмонқулов






