13-декабр куни UNESCOнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитасининг (NMMHK) XVI сессияси ташкилотнинг Париждаги қароргоҳида виртуал режимда ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги хабар берди.
Жорий сессия доирасида “Бахшичилик санъати” элементини Инсоният номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритиш масаласи кўриб чиқилади. Ўзбекистоннинг UNESCO ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва кўриб чиқиш учун тақдим этилган ушбу номинацияни қўллаб-қувватлаш юзасидан Баҳолаш комиссияси ва NMMHKга аъзо мамлакатларга мурожаат йўллаган.
Тадбирда UNESCO раҳбарияти, NMMHKга аъзо давлатлар, 190 дан ортиқ давлатдан юқори мартабали делегатлар иштирок этди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистоннинг UNESCO ҳузуридаги доимий вакили Умид Шадиев ва UNESCO ишлари бўйича Миллий комиссия вакиллари қатнашмоқда.
Ялпи мажлис давомида Ўзбекистон делегацияси сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизнинг бой номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш, кўпайтириш ва тарғиб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар тақдимоти ўтказилган.
Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2003-йилдаги Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенция бажарилишини давом эттириш ва UNESCOнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини қўллаб-қувватлашга содиқлик билдирилди.
“Минг йиллик тарихга эга Ўзбекистон ўзининг бой маданий мероси билан фахрланади. Бизда UNESCOнинг Репрезентатив рўйхатига киритилган 9 та миллий ва кўп миллатли элемент мавжуд. Яқин кунларда ушбу рўйхатдан яна бир элемент –“Бахшилик санъати” ҳам жой олишига умид билдирамиз ”, - деди Азиз Абдуҳакимов.
Таъкидлаш жоизки, “Бахшилик санъати” номинацияси бўйича овоз бериш жараёнининг ўзи 16-декабр куни бўлиб ўтади, UNESCOнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитасининг XVI сессияси эса 18-декабрга қадар давом этади.






