“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун ҳамда Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Депутат Расул Кушербаев бу ҳақда маълум қилди.
Қайд этилишича, янги қонун лойиҳасига кўра:
- боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўловларини марҳумнинг қарамоғидаги фарзандларига, улар 18 ёшгача, агар умумий ўрта таълим муассасаси, академик лицей ва олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса 23 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тўлаш;
- ногиронлиги болаликдан бўлган болаларга 18 ёшгача қараган даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш;
- болани парваришлаш бўлиш вақтининг хаммасини жамланганда кўпи билан 6 йиллик даврни иш стажига қўшиб ҳисоблаш;
- республика ҳудудида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган даврда амал қилиб турган даврда пенсия олиш ҳуқуқи вужудга келган фуқаролар, ушбу тадбирлар (чекловлар) даврида ёки тугагандан сўнг бир ой ичида пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган тақдирда, уларга пенсия уни олиш ҳуқуқи пайдо бўлган санадан тайинлаш таклиф этилмоқда.
Маълумотга кўра, мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари томонидан кўриб чиқилмоқда ва яқин вақт ичида ялпи мажлисга киритилади.
Шу ўринда, депутат Кушербаев: "Сўнгги йиллардаги ўзгаришлар инобатга олинса, мазкур янгиликлар фуқароларга қулайлик яратиш йўлидаги прогрессив қадам, дейиш мумкин"-дея муносабат билдирди янги қонун лойиҳасига.






