"Uzbekistan Airways" ва "airBaltic" компаниялари қўшма шериклик қатновлари тўғрисидаги янги битим асосида йўловчилар учун Ўзбекистон ва Латвия пойтахтлари ўртасида қулай саёҳат имкониятларини кенгайтирмоқда. Бу ҳақда "Uzbekistan Airways" Матбуот хизмати маълум қилди.
Янги шартномага мувофиқ, 2021 йил 22 ноябрдан бошлаб "airBaltic" "Uzbekistan Airways"нинг Тошкент ва Рига ўртасидаги рейсларида ўз маркетинг кодларини ўриндиқлар квотасини чекловсиз жойлаштиради.
Шундай қилиб, қайд этилишича, "airBaltic" мижозлари учун Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги шаҳарлар билан алоқа яхшиланади, "Uzbekistan Airways" йўловчилари эса Европа "airBaltic" тармоғининг қулай имкониятларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.






