АсосийJamiyat

"Ҳатто сигнали ҳам ишламайди" — тез ёрдам шифокорлари йўллаган абгор машина ҳақидаги шикоятга ССВ изоҳ берди

'"Ҳатто сигнали ҳам ишламайди" — тез ёрдам шифокорлари йўллаган абгор машина ҳақидаги шикоятга ССВ изоҳ берди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Янгийўл тумани тез тиббий ёрдам станцияси шифокорларининг шикоятлари акс этган видео тарқалди. Унда икки шифокор аёл тез ёрдам “Дамас”ининг абгор аҳволини кўрсатиб бергани акс этади.

“Биз тез ёрдам халққа фойдамиз тегсин, одамлар шифо топсин, деб ҳаракат қиляпмиз. Лекин тепадаги Соғлиқни сақлаш вазирлигидагилар, автомобиль бўйича масъуллар бизни ҳам тушунса бўларди. Беморлар учун дори-дармонларимиз етарли, лекин машина томондан жуда қийналяпмиз.

Кеча бир бемор машинада клиник ўлим ҳолатига тушди. Лекин йўллар тирбанд, автомобилнинг на мигалкаси бор, на сигнализацияси ишлайди. Ҳатто сигнал ҳам ишламайди, рация йўқ. Ҳеч ким йўл бермайди! Энди бошимизни деразадан чиқариб “йўл беринг” деб бақириб кета олмаймиз-ку?!

Машинанинг орқасига кимнидир ўтқизадиган бўлсак, эшиги қулфланмайди. Беморнинг ўзи ҳам тушиб қолиши мумкин. Ким ўз яқинини шу машинага ортишни хоҳлайди?!” – дейди шифокорлардан бири.

Иккинчи шифокор ҳам шу “Дамас”да бемор клиник ўлим ҳолатига тушганини ва қийин аҳволда қолганини билдирган. Соғлиқни сақлаш вазирининг матбуот котиби Фурқат Санаев ҳолат юзасидан изоҳ берди.

“Шифокорларимизнинг эътирозлари ўринли, шу сабабли ушбу мурожаат ижтимоий тармоқларда тарқалган куннинг ўзидаёқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолатни дарҳол назоратга олди.

Аниқланишича, чиндан ҳам Янгийўл туман тез тиббий ёрдам бўлимининг давлат рақами 10 236 DAA бўлган “Дамас” русумли тез тиббий ёрдам автомашинаси эскириб, яроқсиз ҳолга келган. Хусусан, ўрганиш давомида автотранспорт воситасининг орқа эшиги яхши ёпилмаслиги, овоз чиқарувчи (сирена-сигнал) мосламаси ҳамда огоҳлантирувчи чироқ (мигалка)лари ишламаслиги маълум бўлди. Шу сабабли техник носоз тез тиббий ёрдам автомашинаси захирага олиниб, техник соз ҳолатдаги автомашина билан алмаштирилди.

Шунингдек, Тошкент вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг ихтисослаштирилган автобазасига қарашли Янгийўл туман филиали бўлими механиги Р.Н. ўз ишига совуққонлик билан қарагани учун лавозимидан озод этилди”, – деди Ф.Санаев.

Шунингдек, ўтган 2020 йилда Тошкент шаҳар “Тез ёрдам” станциясига 150 дона “Форд” русумли реанимацион тиббий аппаратлар билан жиҳозланган автомашиналар харид қилинган.

    Бошқа янгиликлар