Ўзбекистонда совуқ бошланди, дарҳақиқат, мавсум билан боғлиқ муаммоларимиз ҳам. Хусусан, Самарқанд вилояти Нарпай туманида бир оиланинг 4 нафар аъзоси ис газидан вафот этди. Мазкур мудҳиш ҳодиса ҳақидаги маълумотларни нашримизга Бош прокуратура Матбуот хизмати маълум қилди.
ЯШАШ ХОНАДОНИДА ЭР-ХОТИН ВА БОЛАЛАРНИНГ МУРДАСИ
2021 йил 22 октябрь куни соат 12:30 ларда Нарпай тумани, Нарпай маҳалласида яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқаро Ж.С., унинг турмуш ўртоғи, 1987 йилда туғилган Ш.З. ва 2 нафар вояга етмаган фарзандлари — 2012 йилда туғилган М.Х. ҳамда 2018 йилда туғилган Ж.Х.нинг мурдаси яшаш уйида ис газидан заҳарланган ҳолда тан жароҳатларисиз топилган.
Ҳодиса жойини кўздан кечиришда марҳумлар ётган хонада қўл бола усулда ясалган, табиий газ тармоғига уланган иситиш печи мавжуд бўлиб, мазкур печнинг дуд-бўронида қушлар ин қурганлиги натижасида хас-хашаклар билан тўлиб қолганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан ўша куннинг ўзида туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
ИС ГАЗИНИНГ ФОЖИАЛАРИГА НИМА САБАБ БЎЛМОҚДА?
Маълумотларга кўра, ис гази (СО) рангсиз, ҳидсиз, кўп учрайдиган заҳарли бирикма табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги, чала ёниши оқибатида вужудга келади. Тутун таркибида 3%, ишланган газда 13%, портловчи газлар таркибида 50-60% гача ис гази бўлади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ис гази билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса сабаблари ўрганилганда, айрим хонадонлардаги газ плитаси, иситиш печи, иситиш қозони дудбуронларининг (мўриси) нотўғри ўрнатилиши ёки ёз пайтида ичига қушларнинг ин қуриши, дудбурон хас-хашак ва қушларнинг пати билан тўлиб қолиши оқибатида тортиш кучини йўқотиши сабаб бўлаётганлиги аниқланмоқда.
ЗАҲАРЛАНИШ БЕЛГИЛАРИ ҚАНДАЙ?
Маълумотларга кўра, дунёда ис газидан заҳарланиш туфайли содир бўладиган ўлим ҳолатлари алкоголдан заҳарланиш сабабли кузатиладиган ўлимлардан кейин иккинчи ўринда туради. Биргина АҚШда ҳар йили ўртача 400 нафарга яқин инсон ушбу газдан заҳарланиш оқибатида вафот этади. Шу ўринда савол туғилади: хўш, ис гази ўзи нима? У қандай ҳосил бўлади? Ис газидан заҳарланганда инсонда қандай белгилар кузатилади?
Дониёр АЛИМОВ, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори:
— Ис гази жуда “айёр” – у асосан табиий газ, кўмир, ўтин чўғларининг тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳосил бўлади. Унинг энг хавфли жиҳати ҳеч қандай ҳид ва рангга эга эмаслигидадир. Шу боис ҳам, мутахассислар ис газига “сездирмасдан ўлдирувчи” дея таъриф беришади.
Ушбу газ организмга нафас аъзолари орқали таъсир этиб, гемоглобин билан кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма – карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Бунинг оқибатида гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб, гипоксия, оғир холатларда эса аноксияга олиб келади. Ҳатто, заҳарланиш оқибатида ўлим ҳолатлари кузатилиши мумкин.
МАЪЛУМОТ УЧУН: 2020 йилда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиаллари орқали 633 нафар бемор госпитализация қилиниб, шундан 14 нафар беморда ўлим ҳолати кузатилган. Бу кўрсаткичга уйида, яъни воқеа жойида вафот этганлар сони қиритилмаган.
ҚАНДАЙ БЕЛГИЛАР НАМОЁН БЎЛАДИ?
— Агар одам ушбу газдан кучли заҳарланган бўлса, унда ҳушнинг йўқолиши, турли хил тутқаноқлар ва нафас тўхташи каби белгилар кузатилади. Ис гази концентрацияси кам миқдорда бўлганда мушаклар бўшашиши, бош айланиши, қулоқларда шовқин, кўнгил айниш, қусиш, уйқучанлик, ҳаракатларнинг қисқа муддатга фаоллашиши, кейинчалик ҳаракат мувозанатларининг издан чиқиши рўй бериши мумкин. Айрим ҳолларда эса алаҳсираш, галлюцинациялар, ҳушнинг йўқолиши, тутқаноқлар, кома, нафас марказининг фалажланиши, ҳатто, ўлим ҳолати содир бўлади. Ис гази билан заҳарланган кишини зудлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш, нафас олиши тўхтаб қолганда сунъий нафас бериш лозим.
ДИҚҚАТ! Нафас тўхтаганидан кейин ҳам юрак фаолияти бироз давом этиши мумкин. Баъзида заҳарланишдан 2-3 ҳафта ўтиб ҳам беморларнинг вафот этиш ҳолатлари қайд этилган.
Фарида ЭГАМБЕРДИЕВА тайёрлади






