АсосийJamiyat

"Save Aral" хайрия марафонининг финали якунланди

'"Save Aral" хайрия марафонининг финали якунланди'ning rasmi

Кеча "Янги нафас" спорт ва ижтимоий ҳаракати доирасида "Save Aral" хайрия акциясининг жорий йилги якуний финал босқичи бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри ва мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган жами 2 минг нафарга яқин югуриш ва юриш ихлосмандлари иштирок этишди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича,  хайрия марафонида Туризм ва спорт вазири ўринбосари Аваз Каримов ҳам иштирок этган ва тадбир иштирокчиларини табриклаб, уларга омад тилаган. Акция доирасида турли корхона ва ташкилотларнинг жамоалари экиден — спорт эстафетаси йўналишида ўзаро куч синашишган.

 50дан ошиқ жамоалар иштирок этган экиден мусобақасида ғолибликни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги спорт маркази ходимлари қўлга киритишган. Улар белгиланган масофани 24 дақиқа 59,9 сония ичида босиб ўтишган. Ушбу йўналишда кейинги ўринларни мос равишда Қашқадарё вилояти ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети жамоалари эгаллашган.  3 км масофага ўтказилган оммавий югуриш пойгасида аёллар орасида энг яхши натижани Анастасия Силченкова қайд этган бўлса, эркаклар ўртасида ушбу масофани сурхондарёлик Шоҳруҳ Давлатов барчадан олдин босиб ўтган. 

Шунингдек, хайрия марафонида турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланган. 

Жумладан, 70 ёшли Марс Мамашарипов "Энг ёши катта эркак спортчи" номига муносиб кўрилган бўлса, Марина Рахимова энг ёши улуғ аёл спортчи деб топилган. 

    Бошқа янгиликлар