Ташкент Чариев ва Мамасулув Жуманазаровалар асли Тожикистон Республикаси фуқароси. Тақдир тақозаси ила кўп йиллар аввал вилоятимизнинг нишон туманига кўчиб келишган ва шу ерда умргузаронлик қилмоқда.
1995 йилда оиланинг катта фарзанди Сарви Чариева, 1997 йилда ўғли Қадамбой Чариев ҳамда 1999 йилда кичик қизи Биби Чариевалар туғилган.
Аммо ота-она ҳар қанча ҳаракат қилмасин, ҳар учала фарзандига ҳам туғилганликни тасдиқловчи гувоҳнома ололмаган. Болаларига гувоҳнома олиш учун ота-онанинг ҳужжати суралар, уларда эса керакли ҳужжатлар йўқ эди.
Ана шундай қилиб катта фарзандининг ёши 26 га, кичиклариники 24 ва 22 га етди ҳамки, уларга гувоҳнома ололмади. Ота-она бу муаммога энди неваралари ҳам дуч келишини ўйлаб қийналар, шу билан биргаликда, муаммони ҳал этишга ҳам чорасиз эди.
Мутасаддилар томонидан ҳудудда ўтказилган ўрганишлардан бирида улар шу муаммони амалий ҳал этиш, фарзандларига туғилганликни ҳақидаги гувоҳнома олишда ёрдам сўради.
Натижада мутасаддилар томонидан ушбу муаммони ҳал қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар режаси тузилиб, унга асосан аввало, фуқаролик ишлари бўйича суднинг ҳал қилув қарори билан Ташкент Чариев ва Мамасулув Жуманазарованинг уч нафар фарзанди уйда туғилганлиги факти тасдиқланди.
Шундан сўнг улар учун туғилганликни тасдиқловчи гувоҳномалар тайёрланиб, тантанали тарзда топширилди.
- Бу мен учун қувонарли воқеа бўлди, - дейди 26 ёшли Сарви Чариева. - Ахир шу пайтгача мен фуқаро сифатида ҳеч қандай ҳуқуқларга эга эмасдим. Яхшиларнинг ёрдами билан бугун расман шахсим тасдиқланди. Энди бошқа ёшлар каби кўплаб имкониятлардан мен ҳам,укаларим ҳам фойдаланишимиз мумкин. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.






