Сенат йигирма биринчи ялпи мажлисида “Транспорт ва молия соҳаларидаги айрим ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазолар либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Таъкидланишича, давлат раҳбарининг ташаббуси билан кейинги 5 йилда мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, шунингдек тизимлаштирилган қонунчилик базасини шакллантириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари таъминланиши борасида қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Маълумки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган йўл ҳаракати соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган маъмурий жавобгарликлар миқдори ҳозирги замон талаблари ва хавфлилик даражасига тўлиқ жавоб бермайди.
Ушбу Қонун билан маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, мақбуллаштириш мақсадида 5 та модда санкцияси миқдори камайтирилмоқда. Хусусан, транспорт воситалари эгалари томонидан суғурта полисини олмаганлик ёки муддати ўтган суғурта полиси ёки суғурта полисида назарда тутилмаган шахс автотранспорт воситасини бошқарганлиги, йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланганлиги, паспорт тизими қоидаларини бузганлиги, фуқаролар томонидан валюта қийматликларини ноқонуний олиш ёки ўтказиш учун жарима миқдори камайтирилмоқда.

Қонун Сенаторлар томонидан маъқулланди.






