Сенат ялпи мажлисида ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Мажлисда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ҳудудларда ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдамга оид қонун ҳужжатлари ижро этилиши ҳолати ўрганилгани ва мавжуд муаммолардан келиб чиқиб ҳукуматга парламент сўрови юбориш таклифи киритилди.
Бугунги кунда, республика бўйича соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳомиладор, туғувчи ва туққан аёллар ҳамда янги туғилган чақалоқларга 226 та туғруқ муассасаси, шу жумладан 18 та перинатал марказ ва Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика “Она ва бола скрининг” маркази, унинг 13 та ҳудудий филиали томонидан тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Шу билан бирга, мавжуд туғруқ муассасаларининг сиғими мамлакатда туғилиш даражасига мос келмаслиги алоҳида қайд этилди.
2019–2023 йилларда репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини кенгайтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар дастурида белгиланган қатор вазифалар ўз вақтида бажарилмаганлиги, туғруқ муассасалари, “Она ва бола скрининг” марказлари моддий-техник ҳолати ҳамда уларда белгиланган санитария меъёрларига риоя қилиниши, соҳага малакали кадрларни жалб этиш, маҳаллаларда ҳар бир репродуктив ёшдаги аёлни “Аёллар маслаҳатхоналари” ва “Ўсмир қизлар марказлари” томонидан хизмат кўрсатилиши бўйича қамраб олиш масаласида муаммолар мавжудлиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги Қонунда белгиланган меъёрларни тўлиқ ижросини таъминлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ички эҳтиёжларни қондириш талаб даражасида эмас.
Кўтарилган масалалар юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда кўзда тутилган режалар ҳақида тушунтириш беришни сўраб, Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш бўйича Сенат қарори қабул қилинди.






