Бундан роппа-роса 50 йил олдин – 1966 йил 26 апрел куни маҳаллий вақт билан тонги соат 5:23да Тошкентда ҳалокатли зилзила содир бўлган. Шу вақтда Тошкентда истиқомат қилаётган 1,5 млн. аҳолидан 300 минг нафари бошпанасиз қолган.
Уч ярим йилда пойтахтимиз тўлиқ қайта қурилди. Шаҳар четларида янги яшаш массивлари қад кўтарди, вайроналарга айланган шаҳар марказида янги кўп қаватли бинолар қурилди. Шу тарзда Сирғали шаҳарчаси бунёд этилди. Умумий ҳисобда 1 млн. м2 яшаш жойлари, мактаблар, ижтимоий ва маъмурий бинолар барпо этилди.
Бугунги Тошкент, аввало хавфсизлик нуқтаи назаридан барпо этилган бўлиб замонавий архитектура, мухандислик маҳоратларининг яққол намоёнидир. Ўзбекистон Ҳукумати томонидан аҳолимизни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, табиий офатларнинг хавфини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Барча бинолар мустаҳкам, зарурий қоида ва меъёрлар асосида қурилиши устивор вазифалардан биридир. Фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш, турли табиий офатларда хавфсизликни таъминлаш борасида аҳолини хабардорлигини ошириш, бир сўз билан айтганда юртимизда фуқаро муҳофазасини таъминлаш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди.





