Жорий йилнинг август ойида “Картография” Давлат илмий ишлаб чиқариш корхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 204-ф-сон фармойишига асосан 424 та харитани ўз ичига жамлаган 2 томдан иборат Ўзбекистон Миллий атласи яратилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Кадастр агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан биринчи маротаба Ўзбекистон Миллий атласи яратилди.
Ўзбекистон Миллий атласи 416 та хариталарни ўзида жамлаган 2 жилддан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг барча соҳаларини картографик ва матнли кўринишда тавсифловчи фундаментал илмий-маълумотнома асари ҳисобланади.
Атласда Республикамизнинг "Табиий-географик ўрни ва умумий хусусиятлари", "Табиий шароити ва табиий ресурслари", "Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси", "Аҳолиси", "Ижтимоий" ва "Иқтисодиёт соҳалари" ҳамда "Тарихи" акс эттирилган.
Миллий атлас Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Kadastr agentligi (https://t.me/ygk_uz) ва "Картография" давлат илмий-ишлаб чиқариш корхонасининг 100 дан ортиқ мутахассислари, Фанлар академиясининг етук олимлари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари ҳамда олий таълим ва бошқа илмий мақомга эга бўлган ташкилотлардан жалб этилган экспертлар ҳамкорлигида яратилди.






