Махсус акциз маркалари билан маркаланмаган тамаки маҳсулотларини турли найрангларни қўллаган ҳолда олиб киришга бўлган уринишларга қарши божхона органлари томонидан кураш олиб борилмоқда.
Жумладан, Наманган вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Янгиқўрғон туманининг чегара олди ҳудудида тезкор тадбир ўтказишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар берди.
Тадбир давомида фуқаро Х.З. бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашина тўхтатилиб белгиланган тартибда кўздан кечирилди.
Натижада, ушбу автомашинанинг хуфия жойларига яширилган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган 50 миллион сўмлик 2500 қути Ўзбекистон Республикаси акциз маркасига эга бўлмаган тамаки маҳсулотлари борлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






