Бугун Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатларнинг бизнес-форуми ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати маълумотига кўра, бизнес-форумда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар давлат органлари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этмоқда.
Форумда Ўзбекистондан 50 га яқин тармоқ бирлашмалари вакиллари ва тадбиркорлар қатнашяпти. Туркий кенгашга аъзо давлатлар билан минтақалараро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Андижон, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳридан ишбилармонлар жалб этилган.
Бизнес-форумнинг расмий очилиш маросимида делегациялар раҳбарлари иштирокчи давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг юқори даражасини таъкидлади. Шунингдек, қўшма инвестиция лойиҳаларининг кўпайиши ва узоқ муддатли савдо алоқаларини йўлга қўйишнинг ишончли динамикаси қайд этилди.
Иштирокчилар туркий мамлакатларнинг иқтисодий салоҳияти ҳамкорликни янада ривожлантириш, амалий келишувларга эришиш учун устувор йўналишлар бўйича фикр алмашди.
Форум доирасида ишбилармон доиралар вакилларининг «В2В» форматидаги учрашувлари ҳам бўлиб ўтмоқда. Унда томонлар қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш имкониятларини муҳокама қилади.






