Қатар давлати 2022 йил футбол бўйича жаҳон чемпионатида саҳрода ишқибозлар учун махсус лагерь ташкил қилмоқчи. Бу ҳақда хорижий нашрларга таяниб Zamon.uz хабар бермоқда.
“Жаҳон чемпионати — 2022” Олий қўмитасининг халқаро алоқалар бўйича ижрочи директори Фатма Ал-Наими мусобақа давомида футбол томошабинларини жойлаштириш юзасидан фикрларини бўлишди.
“Биз футбол ишқибозлари учун энг яхши ечимларни излаяпмиз. Меҳмонхоналар, сузувчи меҳмонхоналар, квартиралар лойиҳаларини кўриб чиқяпмиз. Шунингдек, саҳродаги махсус лагерларда яшаш имконияти ҳам пайдо бўлади. Бу араб маданияти билан яқинроқ танишмоқчи бўлганлар учун ажойиб имконият саналади. Нархлар масаласига тўхталадиган бўлсак, Қатар қиммат давлат, фақат беш юлдузли меҳмонхоналар бор, деган фикр мавжудлигидан хабардорман. Ана шуни ҳисобга олиб, ҳар бир томошабин учун идеал вариант топа олиши устида ишлаяпмиз. Бундан ташқари турнир давомида барқарор муҳитни таъминлаш мақсадида барча масалалар билан шуғулланадиган хавфсизлик бўлими мавжуд. Қатарга келишни режалаштирган ҳар бир киши учун тажриба, маълумотлар алмашиш учун Буюк Британия, Нидерландия, Португалия, Россия ва бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қиламиз”,-дейди у.






