Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги видеоселектор йиғилишида “Янги Ўзбекистон массивлари”ни барпо этиш тизими асосида уй-жой нархларини ушлаб туриш, эҳтиёжманд оилалар ва ёлғиз аёллар учун субсидиялар ва давлат кафолатлари тизимини қандай ташкил этиш масалалари тушунтирилди, дея хабар бермоқда “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов.
Келгуси йилда “Янги Ўзбекистон массивлари” учун 15 триллион сўм ажратилиб, бунда:
- кўп қаватли уй-жой қурилишини инвесторлар ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади;
- давлат ер ажратиш ва аҳолига ипотека кредитини бериш мажбуриятини олади;
- ипотека кредитини бериш учун банкларга бюджетдан аукцион асосида ресурс ажратилади. Бунга Молия вазирлиги томонидан 20 йил муддатга 11 триллион сўм йўналтирилади;
- Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ва Молия вазирликлари эҳтиёжманд аҳолига субсидия бериладиган уй нархини белгилайди;
- 2022 йилда эҳтиёжманд 10 мингта оилага бошланғич бадал ва фоизларни субсидиялаш учун бюджетдан 1,5 триллион сўм ажратилади.
“Янги уй-жой массивлари нархини бу йилги даражада ушлаб қолиш зарур. Айтиш жоизки, бугунги кунда уйларнинг бир квадрат метри учун нарх 4,5 миллион сўмни ташкил этмоқда. Шу боис, уйлар нархини барқарор сақлаб туриш мақсадида, янги уй-жой массивларини ички ва ташқи инфратузилма билан таъминлашга бюджетдан ҳар йили 1 триллион сўм ажратилади”, - деди давлат раҳбари.
Шунингдек:
- келгуси йили янги массивларда қурилаётган уйларнинг 1 мингтаси эҳтиёжманд оилалар ва ёлғиз аёллар учун давлат томонидан кафолатли сотиб олинади. Бунинг учун 220 миллиард сўм маблағ қурилиш ташкилотларига олдиндан ўтказиб берилади;
- цемент импорти учун имтиёзлар муддати яна бир йилга узайтирилади. Шу билан бирга, бугун цемент ишлаб чиқарувчиларга фойда солиғини 20 фоиздан 15 фоизгача, ер қаъридан фойдаланганлик солиғини эса 2 бараварга (1 тоннаси учун 22,5 минг сўмгача) камайтириш бўйича ҳам Қонун имзонланди (бу эса 1 тонна цементнинг ишлаб чиқариш таннархини 7 фоизга қискартириш (354минг сўмдан 328минг сўмгача) имконини беради);
Булар ҳам уйларнинг нархини сезиларли туширишга олиб келади.
“Вилоят хокимлари берилаётган имкониятлар ҳисобига ажратилаётган бюджет маблағларини камида 30 фоизини иқтисод қилиш ва берилаётган имкониятлар ҳисобига уй-жой нархларини 30 фоизгача арзонлаштиришга масъул бўлади”, - деди президент.






