АсосийSport

Ўзбекистонда илк бор бодибилдинг бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади

'Ўзбекистонда илк бор бодибилдинг бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади'ning rasmi

4-6 октябр кунлари Тошкентда «7SABER» бренди кўмаги асосида «Ҳумо Арена» спорт мажмуасида бодибилдинг бўйича ХII жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Бу ҳақда мазкур чемпионатга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди деб хабар бермоқда "Даракчи" мухбири Каримжон Зарипов.  

Қайд этилишича, мусобақада 150 дан ортиқ делегация вакиллари иштирок этади ҳамда спортчиларнинг умумий сони 350 нафарни ташкил қилади.

Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти Отабек Умаров бу ҳақида шундай дейди:  

«Давлатимиз раҳбарининг шахсан спортни ривожлантиришга қаратаётган эътиборлари нафақат олимпиадачиларимиз ва паралимпиячиларимизнинг ажойиб ютуқларини белгилабгина қолмай, балки Ўзбекистонда янги спорт даврининг бошланишининг далолати бўлди. Бутун дунё пандемия оқибатларини бошдан кечиришда давом этмоқда: бўш ўриндиқлар билан ўтадиган мусобақалар янги воқеликнинг белгисига айланди десак муболаға бўлмайди, шунинг учун мухлислар иштирокида жаҳон чемпионатини ўтказиш истаги — чиндан ҳам дадил ва жиддий қадамдир. Ишончим комилки, мусобақа ташкилотчилари барча эҳтиёт чораларини кўришади ва Тошкентдаги жаҳон чемпионати чиндан ҳам ҳақиқий спорт байрамига айланади».  

Жаҳон чемпионати доирасида эркаклар ва аёллар учун мусобақада қуйидаги тоифалар тақдим қилинган:  

• «Бодибилдинг» – мускулларнинг энг катта ҳажмига эга спортчилар беллашадиган мусобақанинг энг машҳур тоифаси;

• «Атлет-физик» – бу тоифада спортчилар ўзининг машғулотлари, овқатланиш ва турмуш тарзини идеал жисмоний ҳолатига эришиш учун тузадилар;

• «Фитнес-физик» – бу тоифада қадди-қомат, эластиклик, нафислик, техника ва эстетика баҳоланади, бундан ташқари акробатика элементлари ҳам ҳисобга олинади;

• «Модел-физик» – бу тоифада спортчилар мақбул мушаклар массасига эга келишган тана тузилишларини намойиш қилишлари керак;

• «Спорт-физик» – бу тоифада тананинг вазни, тузулиши ва жисмоний ҳолати ҳисобга олинади.  

WBPF президенти Датук Пол Чуа:  

«Жаҳон чемпионати узоқ танаффусдан сўнг ўтказилмоқда – биз бутун дунёдаги пандемия туфайли 2020 йилги мавсумни ўтказиб юборишга мажбур бўлдик. Бу борада биз ўзбекистонлик ҳамкорларимиз мусобақани кенг-кўламда ўтказиш ниятида эканликладан жуда илҳомланиб, фахрланмоқдамиз. Ишонч билан айта оламанки, бўлажак мусобақа мисли кўрилмаган даражада ташкил этилади: бир неча ҳафта олдин WБПФ вакиллари бўлажак мусобақалар обектларига инспекция ташрифи билан қадам ранжида этишди ва унинг кўламидан бошлари осмонга етди. Мен ҳамма нарсани Тошкентда ўз кўзларим билан кўришни орзиқиб кутмоқдаман».

    Бошқа янгиликлар