АсосийShou-biznes

Аваз Охун: "Қизиқчи маънавий камчиликларнинг устидан кулиши керак"

Қизиқчи Аваз Охунни кўпчилик “Ҳожибой Тожибоевга ўхшаркан дейди”. Ана шу таъриф ҳам, унинг қизиқарли чиқишлари ҳам одамлар кўнглидан тез жой олишига сабабчи бўлди.  “Erkak.uz” сайти қизиқчини суҳбатга тортди.

- Сизни марҳум санъаткор Ҳожибой Тожибоевга ўхшатишади. Ростдан ҳам у кишининг шогирди бўлганмисиз?

- Раҳматли Ҳожибой аканинг ёнида шогирд бўлиб юрмаганман. Концертларига кирардим, у кишига ҳавас қилардим. 2003 йилда концертида чиқиш қилганман. Саҳнада дуо қилган. Машҳур санъаткоримизга ўзим билмаган ҳолда беихтиёр ўхшаб қолдим. Атайлаб қилсам ўхшамайди. Бизни ўхшатишларига сабаб, устознинг йўналиши, ўзига хос мактаби бор эди. Яъни халқнинг ўзидан олиб, ўзига берарди. Ҳожибой ака “Бир актёр театри” йўналишида ижод қилган. Мен ҳам шу йўналишни танлаганман. Балки шунинг учун ўхшатишар.

Айрим ҳолларда қизиқчиликнинг бачканаликка айланиши кўзга ташланмоқда. Қизиқчи одамларни кулдириш учун бепарда, ҳаёсиз гап айтишга ҳақлими?

- Яқинда бир даврада ўтиргандим. Бир киши сиз бемаъни гап гапирмас экансиз-а, деди. Тасаввур қилинг, мен гапираётган гапни биринчи қаторда ўтирган ота-онам, ўртароқда ўтирган синглим, орқада ўтирга аёлим ва отахон-онахонлар эшитади. Қизиқчи шундай ижод қилиши керакки, саҳнадаги гапни ота-онаси ёнида ҳам, бошқалар олдида ҳам бемалол гапира олсин. Менга устозларим ўргатганидек, саҳнага чиқишдан олий мақсад, бу кулдириш эмас, балки томошабинга маънавий озуқа беришдир. Мухлис залда мириқиб кулсаю, томоша тугаганидан кейин нимага кулгани эсидан чиқиб кетса, бу қизиқчи учун яхши ҳолат эмас. Мухлис концертингизга пул тўлаб кирдими, шунга арзирли маънавий куч, озуқа ола олиши керак.

Қизиқчиликда беҳаё мавзуларнинг кўпайиши, бу мактаб, устоз кўрмаган шогирдларнинг ўртамиёна уринишларидан бошқа нарса эмас. Бу томошабинни кулдиришнинг энг енгил йўли. Қизиқчи ҳаракат қилса, озгина кузатувчан бўлса мавзу қалашиб ётибди.

- Сўз усталари баъзан интернет орқали хандаларни таржима қилиб, халққа етказишади. Бу латифалар орасида миллатимиз руҳиятига бегона, менталитетимизга ёт ҳолатлар акс эттирилганлари ҳам учраб туради. Бунга сабаб нима, қизиқчилар учун ёзилган манба камлигиданми ёки уларнинг дангансалигидан?

- Ҳамма ҳар хил манбадан фойдаланади. Лекин энг асосийси, ҳажвияни қайси йўл билан олмасин, унинг мухлисга маъқул келиш ёки келмаслигини ўйласин. Томошабиннинг шахсиятига тегишга, бирор бир камчилигининг устидан кулишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Кимнингдир соқовлиги, кар ёки кўрлигини мазах қилиш мумкин эмас. Қизиқчи маънавий камчиликларнинг устидан кулиши керак. Қолаверса, ёшларимиз тақлидни яхши кўради. Қайсидир ёш санъаткорнинг гапирган беҳаё гапи ёки бирор хатти-ҳаракати ёшлар ўртасида оммалашиб кетаяпти. Ахир кўчада, чойхонада гапириладиган гапни саҳнага чиқариб бўлмайди.

Зуҳра РЎЗИЕВА суҳбатлашди

    Бошқа янгиликлар